Алек Болдуин съёмка вақтида операторни отиб қўйди

0

Фильм съёмкаси билан шуғулланган компания вакили The Hollywood Reporter нашрига берган маълумотига кўра,, ҳодиса Болдуин бўш патронлар билан отиши керак бўлган саҳналарни суратга олиш жараёнида содир бўлган. Қурол суратга олиш майдонида реквизит предмети вазифасини ўтаган.

«Тергов маълумотларига кўра, бу саҳна олинаётган вақтда тўппонча ишлатилиши керак бўлган. Детективлар айнан қандай ўқ отилганини аниқлашга (тўппончага қандай шароитда жанговар патронлар солингани) ҳаракат қилмоқда», дея полиция баёнотидан парча келтиради «Франс пресс».

42 ёшда бўлган Ҳатчинс вертолёт орқали шифохонага олиб кетилган, аммо йўлда унинг жони узилган. 48 ёшли Соуза тез ёрдам машинаси орқали шифохонага етказилган.

Журналист Тесса Ментус твиттердаги саҳифасида съёмка вақти олинган суратни жойлаштирган. Ҳодиса тез-тез Ҳолливуд фильмлари олиб туриладиган Санта-Фе шаҳарчасидан узоқ бўлмаган масофада жойлашган Бонанза Крик ранчосида рўй берган.

«Болдуин полициячиларга кўрсатма берди. У уларнинг саволларига жавоб қайтарди. У ихтиёрий равишда келди ва кўрсатма берганидан кейин бинони тарк этди. Ҳозирча унга нисбатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган ва ҳеч ким ҳибсга олинмаган», дейди Санта-Фе шерифининг расмий вакили «Франс пресс» агентлигига.

Santa Fe New Mexican газетаси рўй берган ҳодисадан кейин Болдуиннинг автотураргоҳда афтода ҳолда турган суратини эълон қилди. Нашрнинг ёзишича, нашр журналисти актёрни полициячилар билан гаплашиб чиққандан кейин йиғлаётган ҳолатда кўрган.

Ҳалок бўлган оператор – Украинадан
Галина Ҳатчинс ўз сайтида «кийиклар ҳамда атом сувости кемалари орасида» туғилгани ва ўсгани ҳақида ёзган: у советларнинг Қутб доирасидаги ҳарбий базасида хизмат қилган ҳарбий оиласида дунёга келган. Киев давлат университетини «халқаро журналистика» мутахассислиги бўйича тамомлаган, кейин Буюк Британияда ҳужжатли фильмлар олиш жараёнларида ишлаган.

2015 йилда АҚШда кинематография бўйича таълим олиб, оператор сифатида муваффақиятли фаолият бошлаган. 2019 йилда уни Америка кинематографиясидаги янги порлаётган юлдузлардан бири сифатида эътироф этишган. У суратга олган картиналар қаторида суперқаҳрамонлар ҳақидаги Archenemy («Макс Фист») фильми ва қўрқинчли жанрдаги Darlin фильмини келтириш мумкин.

Инстаграмдаги саҳифасида жойлаштирилган сўнгги постларидан бири – у от миниб олган ҳолда кетаётган видео бўлган, у видеога шундай илова қилади: «Вестерн суратга олишнинг афзалликларидан бири – дам олиш кунлари отда сайрга чиқиш мумкинлигидир».

The Hollywood Reporter газетасининг ёзишича, Болдуин Rust  картинасида ўтмишдаги таниқли жиноятчилардан бири бўлган Ҳарланд Раст ролини ижро этган. Сюжетга кўра унинг набирасини тасодифий қотилликда айблашади ва осишга ҳукм қилишади. Шунда Раст уни қамоқдан озод этиш учун Канзасга отланади. Вестерндаги воқеалар XIX асрда бўлиб ўтган.

Пайшанба куни 63 ёшли Болдуин Инстаграмдаги саҳифасида суратга олиш майдонида олинган суратини қуйидаги сўзларни илова қилган ҳолда жойлаштирганди. «Ё Худойим, бу нақадар оғир иш». Ҳозирда бу пост ўчирилган.

Фильмни суратга олиш жараёнида ўқ узилиши оқибатида ижодкорлардан бирининг вафот этиши билан боғлиқ энг машҳур ҳолат 1993 йилда қайд этилганди, ўшанда Брюс Лининг ўғли Брэндон Ли «Қузғун» фильмини суратга олиш вақтида нотўғри ўқланган тўппончадан ўқ отилиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган.

loading...