“Ўзбекнефтгаз” бензин нархи юзасидан ахборот берди

0

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида АИ-80 маркали бензин нархи ошиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда, дея Kun.uz’га маълум қилди “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида 562,4 минг тонна бензин ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлса-да, амалда 654,9 минг тонна ишлаб чиқарилган. Бу – прогнозга нисбатан 16,4 фоизга кўпроқ (ўсиш суръати 105,6 фоизни ташкил қилган).

“Январь-сентябрь ойларида 524,6 минг тонна АИ-80, 81,1 минг тонна АИ-91, 43,9 минг тонна АИ-92, 5 минг тонна АИ-95, 0,3 минг тонна АИ-98 маркали бензин ишлаб чиқарилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган бензиннинг асосий қисмини, яъни 80,1 фоизини АИ-80 маркали бензин ташкил қилмоқда.

“Brent маркали нефтнинг жаҳон биржаларидаги котировка нархи 1 баррели учун 83-85 АҚШ долларни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 1,7 баробарга ошган бўлса ҳам, “Ўзбекнефтгаз” тасарруфдаги АЁҚШларда 1 литр АИ-80 бензини 5 900 сўм чакана нархда (Тошкент ш.) сотилмоқда ёки йил бошига нисбатан 1,15 баробарга қимматлашган”, – дейилади компания ахборотида.

“Ўзбекнефтгаз” изоҳига кўра, АИ-91, АИ-92, АИ-95 маркали бензинларнинг асосий ҳажми импорт хомашёсидан ишлаб чиқарилиши ёки тайёр ҳолда бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб жаҳон котировкаларига боғланган ҳолда импорт қилиниши боис мазкур турдаги бензин нархлари нисбатан юқорироқ.

Расмий релизда таъкидланишича, ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб АИ-92, АИ-93, АИ-95 ва АИ-98 маркали, 2019 йил 15 августдан бошлаб АИ-91 маркали, 2020 йил 1 майдан бошлаб АИ-80 маркали бензин чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган ва ушбу маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган.

loading...