Лукашенко ҳам Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклади

0

Беларусь президенти Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президентлиги учун сайловларда ғалаба қозонгани билан табриклади. Бу ҳақда Беларусь президентининг расмий сайтида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, Мирзиёевга телефон қилган Лукашенко уни сайловлардаги ишончли ғалабаси билан табриклаган. Суҳбатда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг барқарор ривожланаётганини эътироф этган. Шунингдек, Беларусь ва Ўзбекистон ҳамкорликни янада яхшилаш имконига эгалиги айтилган.

«Сайловдаги ишончли ғалаба сизнинг авторитетингиз қандай юқори эканини кўрсатиб турибди. Халқингиз кучли, мустақил ва замонавий давлат тузиш йўлидаги ҳаракатларингиз тўғри йўналишда эканини тасдиқлади», дейилган Лукашенконинг телеграммасида.

Суҳбат якунида Александр Лукашенко тез орада юзма-юз учрашиб, икки томонлама муносабатларни яна бир бор муҳокама қилишга умид билдирган.

Шавкат Мирзиёевни биринчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин сайловдаги ғалабаси билан табриклаганди. Ўзбекистон президентлиги учун ўтказилган сайлов натижалари ҳали эълон қилингани йўқ. Натижалар Тошкент вақти билан соат 16:00 да эълон қилиниши кутилмоқда.

loading...