Қосим-Жўмарт Тўқаев Шавкат Мирзиёевни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади

0

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам 25 октябрь куни Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.

 

«Президент Қосим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президенти лавозимига қайта сайлангани билан илиқ табриклади. Унинг стратегик йўналиши кучли умумхалқ қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намоён этганини таъкидлади», — дейилган хабарда.

 

Қайд этилишича, телефон орқали бўлиб ўтган суҳбат давомида Қосим-Жўмарт Тўқаев Шавкат Мирзиёевнинг икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этган.

 

Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ва ўртасидаги стратегик шерикликнинг улкан салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, шунингдек Марказий Осиёда ишонч муҳитини мустаҳкамлаш учун биргаликдаги фаол ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.

 

Қозоғистон—Ўзбекистон муносабатларига амалий туртки бериш учун Қосим-Жомарт Токаев Шавкат Мирзиёевни давлат ташрифи билан Қозоғистонга таклиф қилди.

 

Қайд этиш жоиз, Қосим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевни Марказий сайлов комиссияси президент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилгунга қадар табриклади. Бундан аввал Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилиб, уни сайловдаги ишончли ғалабаси билан табриклади ва режаларини амалга оширишда муваффақиятлар тилади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган сайловнинг дастлабки натижларига кўра, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 80,1 фоиз овозини тўплаган.

loading...