Шавкат Мирзиёев: “Орқага йўл йўқ: Ўзбекистон фақат олға юради”

0

“Азиз ва муҳтарам ватандошларим, азиз партиядошларим! Албатта, ҳар бир инсоннинг ҳаётида жуда бир ҳаяжонли дамлар бўлади, менинг ҳаётимда ҳам ҳозир шундай дақиқалар… Мана шундай буюк, жонажон халқим менга ишонч билдиргани учун яна бир марта халқимга, фарзандларимга, мунис оналаримга, нуроний оқсоқолларимизга мени дуолар қилиб, бугунги ғалабага қўллаб-қувватлаганлари учун таъзим қилиб, раҳмат демоқчиман”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев сайловдаги давомат 80 фоиздан ошгани халқнинг ўз келажагига бефарқ эмаслигини англатиши, ушбу сиёсий жараён “дунё тан олган” Сайлов кодекси асосида ўтганини қайд этди.

“Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз беш йил олдинги халқ эмас. Энг катта ютуқларимиздан бири – эмин-эркин, ўзимиз ўз қўлимиз билан, шижоатли меҳнатимиз билан эртанги кунимизга бефарқ эмаслигимизга яна бир марта бутун дунё ҳамжамиятини ишонтирдик.

Бир нарсани ҳар сафар айтдим, ҳозир ҳам айтаман: энди орқага йўл йўқ, Ўзбекистон фақат олға юради!” – деди сайланган президент.

Президент шунингдек, журналистларга алоҳида раҳмат айтди.

«Фурсатдан фойдаланиб бир нарсани таъкидламоқчиман – сўнгги 5 йилда Ўзбекистонимиз оммавий ахборот воситалари бутунлай ўзгарди. Айниқса, сўнгги ойлардаги қизғин сайлов кампанияси давомида вазиятни холис ёритиб бордилар, керак жойда танқид қилдилар.

Мен мана шу онларда оммавий ахборот воситалари ходимлари, азиз журналистларга ўз миннатдорлигимни билдираман», дея Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

loading...