Ўзбекистонга 9 млрд сўмдан ортиқ бўлган товарлар ноқонуний олиб кирилаётгани аниқланди

0

Тошкент шаҳридаги «Чуқурсой» божхона постида 9,1 миллиард сўмлик соябон, фонар, болалар шари ва LED-чироқлар божхона тўловларисиз олиб кирилгани аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га Божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев хабар берди.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан «Чуқурсой» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда темир йўл орқали Ўзбекистонга олиб кирилган товарлар белгиланган тартибда очиб кўрилиб, контейнердаги юклар божхона кўригидан ўтказилган.

Қайд этилишича, товарлар орасида йўл-юк кузатув ҳужжатлари қайд этилмаган 5300 та соябон, 251 мингдан зиёд фонар, 3,5 миллион дона болалар учун шар ва 10 минг 900 дона LED-чироқ борлиги аниқланган.

«Мазкур товарларнинг умумий қиймати салкам 9,1 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Уларни божхона назоратидан яширинча олиб кириш орқали юк эгалари дастлабки ҳисоб-китобларга кўра давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 2,8 миллиард сўмлик божхона тўловларини ‘тежамоқчи’ бўлган», — деди Ҳусан Тангриев.

 

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

loading...