Коронавирусга чалинган болани компьютер томография текширувидан ўтказиш мумкинми?

0

ССВ Матбуот хизмати коронавирус инфекциясининг ёш болаларда кечиши, уларни изоляция қилиш тартиби ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Абдуманноп AБДУҚАЮМОВга мурожаат қилди:

— Маълумки, баҳор ва куз ойларида кўпчилик болалар мавсумий грипп касаллигига чалинади, — дейди А. Абдуқаюмов. — Коронавирус инфекциясининг клиник кўринишлари уларда худди ана шу грипп каби кечади. Касаллик оғирроқ ўтаётган бўлса, тана ҳароратининг 37,5-39 С° даражагача кўтарилиши, ҳолсизлик ва бош оғриғи кузатилиши мумкин. Камдан-кам ҳолларда эса гастроинтестинал шаклда — кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи, диарея каби белгилар аниқланади.

Кузатувлардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, коронавируснинг янги штаммлари баъзи болаларда жуда оғир ўтмоқда. Шу боис, ота-оналар фарзандлари саломатлигига доимо эътиборли бўлишлари зарур.

— Айрим ота-оналар фарзандида тана ҳарорати бироз кўтарилгудек бўлса, болани дарҳол шифохонага ётқизишга ҳаракат қилади. Бу қанчалик тўғри?

— Аввало, шуни айтиш керакки, болада тана ҳароратининг кўтарилишига бир неча омиллар сабаб бўлади. Мисол учун, бир ёшгача бўлган гўдакларда тиш чиқаётгани учун, катта ёшли болаларда ўткир респиратор касалликларда ҳам тана ҳарорати кўтарилади.

Шу боис ота-оналар дастлаб фарзандининг нега иссиғи чиқаётганини билиш учун участка шифокорига мурожаат қилишлари лозим. Шифокор болани текширувдан ўтказиш орқали иситма чиқиши сабабларини аниқлайди ва керакли даво муолажаларини тайинлайди. Қолаверса, тана ҳароратининг 37 С° даража экани иситма кўтарилганини англатмайди. Яъни, ота-оналар боланинг иммун тизимини касалликка қарши курашишига қўйиб беришлари керак.

Қайта-қайта иситмани туширувчи дориларни ичириш эса ундаги терморегуляция марказига салбий таъсир этади. Агар она боласига тез-тез суюқлик бериб, унинг ҳолатини доимий назорат қилиб борса, маълум муддатдан сўнг тана ҳарорати пасаяди.

— Коронавирусга чалинган болани уйда изоляция қилиш тартиби қандай?

— Бола “изоляция” деган сўзнинг маъносини тушунмайди. Унга “кўчага чиқма” дея қайта-қайта айтавериш билан болани касалликдан ҳимоя қила олмайсиз. Аксинча, кўп нарсани тақиқлайвериш билан у депрессияга тушиб қолиши мумкин. Шу боис болага изоляцияни қўрқитиш билан эмас, ўйин тарзида тушунтириш мақсадга мувофиқ.

Шуни унутмаслик керакки, болаларда коронавирус фақатгина енгил шаклда кечган ҳолатдагина уй шароитида даволанади. Касаллик ўрта ва оғир даражада ўтаётган бўлса, шифохонага ётқизиш зарур. Агар боланинг фибрил тутқаноғи бўлмаса, тана ҳарорати 38-38,5 C° даражадан паст бўлганда иситмани туширишга ҳожат йўқ. Шундан ортсагина “Парацетамол” ёки “Ибупрофен” (болалар учун эритма) бериш мумкин.

Иситма 5 кундан ортиқ давом этса ва пасаймаса, пневмония бор-йўқлигини текшириш учун ўпка рентгени ва компьютер томография текширувини ўтказиш керак. Компьютер томография текширувида пневмония аниқланган тақдирда (қандай оғирлик даражаси бўлишидан қатъи назар) болани шифохонага ётқизиш лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

loading...