Оёқларда шиш пайдо бўлишининг сабаби нимада?

0

Оёқларда шиш пайдо бўлиши кўпчиликда кузатиладиган ҳолат. Организмдаги зарарсиз шиш оёқларга бир неча соат дам берилганда ўз-ўзидан йўқолади. Оғриқ, тери рангининг ўзгариши ва бошқа аломатлар билан бирга мунтазам равишда шишнинг пайдо бўлиши бирор касалликнинг белгиси ҳисобланади.

Оёқларда шиш пайдо бўлишининг сабаблари

Юрак етишмовчилиги касаллиги

Иккала оёқнинг болдир қисмида пайдо бўлади, оғриқ бўлмайди, пайпаслаганда оёқлар нисбатан совуқ, тери ранги озгина кўкимтир бўлиши мумкин. Шиш, асосан, кечқурун юзага келади. Кўп ҳаракатсиз ўтирганда сон ва бел қисмига қўшилиши мумкин. Шунингдек, оёқларининг совиши, аритмия – юракнинг нотекис уриши, юрак соҳасида оғриқлар, ҳаракат қилганда нафас етишмаслиги кузатилади.

Томир касалликлари

Томирларнинг варикоз кенгайиши. Оёқларда оғирлик ва оғриқ ҳисси тўпиқдан бошлаб болдирга ўтади, бошланғич пайтда тонгда йўқ бўлиб кетади, касаллик ривожланган сари шишнинг юзага келиши ортади. Терида томирлар кенгайиши кузатилади, тери ранги кўкимтир тусга киради.

Оёқ томирлари тромбози. Шиш бирданига ва тез пайдо бўлади, тери ранги қизаради, пайпаслаганда иссиқ, оғриқли ва зич бўлади. Беморлар оёғини ёнаётгандек ҳис қилади. Бу ҳолат жуда хавфли бўлиб, беморлардан шошилинч даволаниш талаб қилади.

Буйрак касалликлари

Шиш тўпиқ ва болдир қисмида пайдо бўлади. Пайпаслаганда оғриқ сезилмайди. Кўпроқ тонгга яқин кузатилади, шунингдек, кўз остида шиш, пешобнинг ранги ўзгариши ҳам мумкин.

Бўғим касалликлари

Тўпиқ ва бўғимлар атрофидаги шиш оғриқли бўлиб, узоқ вақтгача йўқолиб кетмайди. Қолаверса, ҳаракат қанча кўп бўлса, оёқлар шунча кўпроқ шишади. Шунингдек, тана ҳарорати кўтарилиши, қўлдаги бўғимларда ҳам муаммо пайдо бўлиши мумкин.

Оёқлар шишишни бошлаганда бееътибор бўлмаслик керак. Шишиш бу иккиламчи белги, у бошқа касалликларнинг бир аломати. Келиб чиқиш сабаби вақтида аниқланса, касалликларни бошланғич давридаёқ даволашга эришиш мумкин.

loading...