Тошкентда декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, ойнадан итариб юборгани айтилган қизнинг аҳволи тўғрисида маълумот берилди

0

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 3-курс талабасига тегажоғлик қилган ва уни ойнадан итариб юборгани айтилган декан ўринбосари ҳибсга олингани тўғрисида хабар берилганди. ССВ матбуот хизматининг маълум қилишича, жабрланувчининг саломатлиги жиддий назоратга олинган.

Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жабрланувчининг саломатлиги жиддий назоратга олинган. Унга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатиляпти ва муолажа жараёнлари давом этмоқда.

Бемор М.К. 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширувлар натижасида унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.

Бемор олиб келинганида пешона соҳасига бирламчи жарроҳлик ишлови берилиб, тикилган. Шокка қарши амалиётлар ўтказилиб, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг мазкур бўлимда белгиланган стандартлар асосида унда қатор терапия амалиётлари бажарилган.

Шунингдек, ҳар куни жароҳатига хирургик ишлов берилган. Уч кун давомида динамикада УЗИ қилинган. Қон таҳлиллари текширилган. Қўшимча мутахассислар жалб қилинган.

«Ҳозир беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, 18 октябрь куни 20 ёшли М.К. Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б.Й.нинг хонасига кирган. 37 ёшли декан ўринбосари Б.Й. қиздан кутиб туришини сўраган. Қизнинг айтишича, хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлган.

Унга қаршилик кўрсатган М.К. амаллаб ойна олдига келиб, ёрдамга чақира бошлаган. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлаган. У қанчалик қаршилик кўрсатмасин кучи етмай, ойнадан пастга тушиб кетган.

ИИВ матбуот котибининг «Дарё»га маълум қилишича, 19 октябрь куни декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 118-моддаси (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 23 октябрь куни экспертиза жавоби чиқиши билан декан ўринбосари процессуал тартибда ушланган.

loading...