NASA астронавтларни Ойга олиб чиқиш миссиясини 2025 йилга қолдирди

0

Американинг Ой миссиясини амалга ошириш 2025 йилга қолдирилди. Бу ҳақда NASA раҳбари Билл Нельсон журналистларга маълум қилди. Миссия доирасида Ернинг сунъий йўлдоши юзасига астронавтларни қўндириш режалаштирилган.

NASA астронавтларни Ойга 2024 йилда олиб чиқмоқчи эди, хусусан, бу ҳақда Дональд Трамп АҚШ президентлигига киришганидан сўнг маълум қилган.

Энди NASA раҳбари «Трамп маъмуриятининг 2024 йилда Ойга одам қўндириш борасидаги мақсадини техник жиҳатдан амалга ошириб бўлмаслигини» тан олди.

Нафақат астронавтларни Ойга олиб чиқиш, балки дастурнинг бошқа босқичлари ҳам ўзгариб бормоқда, деди Нельсон. Хусусан, илгари 2021 йилга режалаштирилган Ернинг сунъий йўлдоши устидан экипажсиз космик кема парвозини амалга ошириш 2022 йилнинг баҳорига кўчирилди, Ой атрофида кемани экипаж билан парвоз қилдириш эса 2023 йилдан 2024 йилнинг баҳорига қолдирилди.

 

NASA раҳбарининг айтишича, Ой миссиясининг вақтини ўзгартиришга мажбур қилган сабаблардан бири Жефф Безоснинг Blue Origin ва Илон Маскнинг SpaceX компаниялари иштирокидаги суд жараёнидир. Баҳсга SpaceX қўлга киритган Ой модулини қуриш бўйича шартнома сабаб бўлган. Апрель ойи бошида NASA Илон Маскнинг SpaceX компанияси билан Ойга қўниш қурилмасини ишлаб чиқиш ва қуриш бўйича шартнома имзолаган эди. Бироқ Blue Origin ва тендернинг яна бир иштирокчиси Dynetics бу қарорга қарши чиқди. Нельсоннинг сўзларига кўра, суд жараёнлари сабаб миссияга тайёргарлик учун сарфлаш мумкин бўлган қарийб етти ой йўқотилди.

Июль ойида Жефф Безос Билл Нельсонга очиқ хат ёзиб, ўз компаниясининг Ой дастурида иштирок этиши эвазига NASA’га 2 миллиард доллар таклиф қилганди.

loading...