Туркияда Европанинг энг йирик гибрид электр станцияси фойдаланишга топширилди

0

Туркиянинг Бингўл шаҳрида Европанинг энг катта гибрид электр станцияси фойдаланишга топширилди. «Aşağı Kaleköy» деб номланган станция сув ва қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда 450 минг хонадоннинг йиллик эҳтиёжини қопловчи 580 мегаватт энергия ишлаб чиқариш қувватига эга.

Kalehan Energy Group ширкати томонидан Мурод дарёсида қурилган электр станцияси Туркиядаги гибрид – аралаш усулда ишловчи илк иншоот саналади.

«Aşağı Kaleköy» станциясининг очилиш маросимида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон видеоконференц алоқа воситасида қатнашди. Туркия раҳбари эҳтиёж йил сайин ошиб бораётган энергия талабини қондиришда қайта тикланувчи энергия манбалари муҳим ўрин тутиши, шу сабаб миллий ресурслар ҳисобига арзон ва сифатли энергия ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

1 миллион квадрат метр майдонни эгаллаган иншоот қурилиши 1 миллион метрдан зиёд кабель ишлатилган. Янги станцияда 200 минг Қуёш панели ўрнатилган. Мазкур фактларнинг ўзи электр ишлаб чиқарувчи иншоотнинг маҳобатини тасаввур қилиш учун кифоя қилади.

Таҳлилларга қараганда, Туркия энергетика тизимида қайта тикланувчи, яъни яшил энергия улуши ошиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг январь-июль ойларида мамлакатда 188,8 млрд киловатт/cоат энергия ишлаб чиқарилган бўлса, унинг 8 млрд киловатт-соати қуёш энергияси саналади.

Шу тариқа қуёш электр станцияларининг умумий энергиядаги улуши 4,2 фоизга етди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 9 ноябрь куни президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон айни пайтда қурилаётган «Akkuyu» атом электр станцияси ортидан яна иккита АЭС қуриш режаси борлигини маълум қилди. Қайд этилишича, АЭС электр тақчиллигини бартараф этиб қолмай, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳам муносиб ҳисса саналади.

«Akkuyu» – Туркияда «Росатом» билан ҳамкорликда қурилаётган биринчи атом электр станциясидир. 22 миллиард долларли лойиҳа 4 та блокни ўз ичига олади. Биринчи блок 2023 йилда ишга туширилиши режалаштирилган.

loading...