Татаристон республикада президент лавозимини сақлаб қолиш учун Россия ҳудудларига оид қонунга тузатишлар тайёрлади

0

Россия таркибига кирувчи Татаристон Давлат кенгашининг давлат қурилиши ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш бўйича қўмитаси Россия Федерацияси ҳудудидаги давлат ҳокимияти органларининг ягона тизими тўғрисидаги қонун лойиҳасига 20 та тузатиш тайёрлади. Улар қонун чиқариш жараёнини ташкил этиш, ҳудудий ҳокимият органлари фаолияти ҳамда мамлакат субъектларининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларининг ўзаро ҳамкорлиги кабиларни назарда тутади. Бундан ташқари, тузатишларда республика президенти лавозимини сақлаб қолиш таклифи ҳам бор, деб ёзади «Коммерсантъ».

«Биз Россия Федерацияси субъектидаги энг юқори мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимнинг номи Конституцияда, Россия Федерацияси субъектининг низомида, ушбу ҳудуд халқининг хоҳиш-иродасини ҳисобга олган ҳолда белгиланишини таклиф қиламиз. Менимча, бу ерда қоғозга ўрашнинг ҳожати йўқ. Бизнинг таклифимиз ва ўзгартиришимиз айнан шундай янграйди», — деди Татаристон Давлат кенгашининг давлат қурилиши бўйича қўмитаси раиси Альберт Хабибуллин.

Унинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг айрим қоидалари демократик федерал ҳуқуқий давлат бўлган Россиянинг конституциявий тузуми асосларига зид келади.

«Биз федерал даражадаги қўшма бошқарув билан боғлиқ масалаларни батафсил тартибга солишнинг ҳожати йўқ деб ҳисоблаймиз. Дарҳақиқат, қонун лойиҳасининг мазкур таҳририда субъектлар ўз қонунчилигини, жумладан, маҳаллий ва тарихий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда тартибга солиш имкониятига эга эмас», — деди Хабибуллин.

Қонун лойиҳасига ўзгартиришлар Татаристон Давлат кенгаши томонидан кўриб чиқилади, кейин Россия Давлат Думасига тақдим этилади.

9 ноябрь куни Давлат Думаси биринчи ўқишда Россия Федерацияси субъектларининг ваколатларини белгиловчи, губернаторларнинг кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланишига қўйилган тақиқни бекор қилувчи ва улар учун ягона беш йиллик ваколат муддатини жорий этувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Ҳужжатда мамлакат президентига ишонч йўқолган ҳолда ҳудуд раҳбарларининг истеъфога чиқиши учун асослар кенгайтирилган. Бундан ташқари, субъектлар раҳбарларини «президент» деб аташ тақиқланади. Федерация таркибида ҳозир президент номини сақлаб қолган ягона субъект Татаристондир.

Октябрь ойи охирида Татаристон Давлат кенгаши Россия таркибига кирувчи ҳудудлардаги энг юқори мансабдор шахслар учун умумий ном — Россия Федерацияси субъектининг раҳбари номини белгилаш тўғрисидаги қонунга қарши чиқди. Маҳаллий ҳокимият президент лавозимининг номини ўзгартиришга уринишни конституцияга зид деб атади. Татаристоннинг позициясига қарамай, қонун лойиҳаси тузатилгани йўқ.