Поезд вагонидан 755 кг кўмир талон-торож қилган шахслар ушланди

0

Зирабулоқ—Зиёвуддин темир йўл бекатлари оралиғида тўхтаган юк поездидан кўмирларни талон-торож қилишга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, 11 ноябрь куни Самарқанд вилоят ИИБ Транспортда ХТБга Зирабулоқ—Зиёвуддин темир йўл бекатлари оралиғида юк поезди тўхтагани тўғрисида маълум қилинган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида 10 ноябрь куни соат 21:21 да ушбу темир йўл бекатлари оралиғида Мароқанд—Тинчлик йўналишида ҳаракатланаётган вагонларда орасида кўмир маҳсулотлари ортилган юк поезди 3810-километрида қарама-қарши йўналишда келаётган юк поездини ўтказиб юбориш учун тўхтагани маълум бўлган.

Поезд тўхтаган вақтда Самарқанд вилояти Нарпай туман «Дўстлик» маҳалласида яшовчи фуқаролар Э.М. (1980 йилда туғилган) ва М.З. (1982 йилда туғилган) ярим очиқ вагондан 755 килограмм кўмир маҳсулотларини талон-торож қилган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада омбор мудири аҳоли ва давлат ташкилотларига тарқатилиши керак бўлган 852 минг тонна кўмирни сотиб юборгани аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.