Бензин нархи қимматлашдими, ёки акси?

0

Бугунги кунда айрим оммавий ахборот воситаларида бензин нархи ошаётганлиги кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу масалага Монополияга қарши курашиш қўмитаси изоҳ берди.

Қайд этилишича, биржа савдоларида аи-80 маркали автомобиль бензини нархи тушишда давом этмоқда. Ушбу маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 129 минг сўмдан 8 444 минг сўмгача пасайиб 17 фоизга арзонлашган.

Шунингдек, таъкидланишича , кичик 1 тн лотлар савдосида Бухоро НҚИЗ томонидан маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган бензининг ўртача сотиш нархи 7028 минг сўмгача пасайган ёки 16 ноябрга нисбатан  31 фоизга арзонлашган, «Саноат энергетика гуруҳи» MЧЖ ҚК маҳсулоти бўйича эса пасайиш   17 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, йирик 60 тн лотларда нархлар пасайиши тенденцияси бир мунча секин кечаётганлиги айтилади.

Шу ўринда савол туғилади. Нархларнинг пасайиши учун Антимонополия қўмитаси қандай чоралар кўряпти?

«Қўмита олдинроқ вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кўрилаётган чора-тадбирлар билан автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчалари томонидан илгари сотиб олинган қиммат нархдаги бензин захиралари ҳисобига юқори чакана нархлар сақланиб қолиши тўғрисида маълумот берган. Бугунги кунда, 2-3 ой давомида шаклланган маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган АИ-80 бензиннинг баланд нархларга таъсир кўрсатиш учун фақат бозор механизмлари қўлланилмоқда, яъни таклифга таъсир кўрсатиш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш, бу чораларнинг самара бериши ва нархларнинг барқарорлашиши учун маълум вақт талаб қилинади. Шу билан бирга, импорт бензиннинг нархлари жаҳон бозорлари конъюнктурасига боғлиқлиги омили сақланиб қолмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирда Идораларо ишчи гуруҳ томонидан бензин таннархини оптималлаштириш бўйича бевосита ишлаб чиқарувчи корхонларга чиққан ҳолда ўрганиш ўтказилмоқда, шунингдек Қўмита томонидан биржа савдоларида нархларга сунъий  равишда таъсир кўрсатган ноҳалол иштирокчиларга  нисбатан ўрганишлар давом этмоқда»,-дейилади хабарда.