“Боғбонлар” маҳалласидаги ўгай кўча

0

Мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар, жойлардаги, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларидан кўнгил қувонади. Одамларнинг фаровон турмуш кечириши учун шаҳару қишлоқларда қулай шароитлар яратилаяпти. Булар албатта Янги Ўзбекистон деб аталаётган давримиз учун ҳамма томонлама мосдир.

– Аммо биз яшаётган маҳалланинг эътибордан четда қолиб кетаётгани фуқароларимизни ажаблантираяпти, – дейди Самарқанд шаҳридаги  “Боғбонлар” маҳалласида истиқомат қилувчилардан Адилжон Сатторов Қобил Бозоров, Азамат Мамадалиев ва бошқалар. – Маҳалламиз шаҳарнинг жудаям марказида бўлмасада, унчалик четида ҳам эмас. Унинг ҳудуди собиқ Самарқанд педагогика институти, ҳозирда СамДУ қошида ташкил этилган Ўзбекистон – Финландия институти билан туташиб кетган. Институт атрофи ва бошқа маҳаллаларда аҳолининг яшаши учун ҳамма шароитлар яратилган.

Маҳалламизнинг биз яшаётган қисмида эса бунинг акси. Кўчамиз (Нақшбандий кўчаси 4-тор кўча – проезд) асфальт қилинмаган. Болаларимиз қишда лой, ёзда чанг йўллардан юриб мактабга боришга мажбур. Ичимлик суви таъминотида муаммолар ҳал этилмаган. Ҳовлима-ҳовли юриб қудуғи борлардан сув илтимос қиламиз.

Маҳалланинг юқорида таъкидланган манзилида бўлдик. Ҳақиқатда ҳам аҳвол арз қилувчилар айтганидек.  Сув ва  йўл муаммосидан ташқари йўл четига оддий лотоклар ҳам ўрнатилмаган. Бунинг оқибатида ёмғирли кунларда кўчада тошқинлар бўлиб, аҳоли тинчлиги бузилаяпти экан. Кўчадаги бирор  ҳовли канализация тармоғига уланмаган. Электр масаласи бундан ҳам ажабланарли. Ҳатто оддий сим тортиладиган “столба”ларнинг ўрнатилмаганига нима дейсиз. Одамлар электр симларини  мажбурликдан томма-том ўтказиб олишган.

– Ҳайронмиз, биргина маҳалланинг биз яшаётган бир қисмида шунчалар муаммо. Наҳот ана шу тор кўча раҳбарларимиз учун ўгай ҳудуд бўлиб қолган, — дейишади арзнома ёзувчилар.

Наҳот катта шаҳардаги обод маҳаллалару кўчаларга туташ бўлган кичик бир тор кўчага эътиборсизлик шу даражада. Ахир бу ерда ҳам жонажон Ўзбекистонимизнинг, барча-барчани қувонтираётган Янги Ўзбекистоннинг фуқаролари яшаяптику. Қачонгача “Боғбонлар” маҳалласининг Нақшбандий кўчаси 4-тор кўча (проезд)да аҳвол шу даражада қолади, бу саволга маҳалла ва шаҳар раҳбарлари қандай жавоб беришаркан?

Алимардон ХУДОЙҚУЛОВ,

журналист

loading...