Маст эр хотинини дўппослаб ўлдирди

0

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида 21 октябрь куни эр турмуш ўртоғи билан жанжаллашиш оқибатида уни уриб ўлдирган, дея вилоят прокуратураси хабар қилди.

Маълум бўлишича, туманнинг «Уйғур» маҳалласида яшовчи фуқаро У.Э. маст ҳолатда турмуш ўртоғи Г.Х. билан ўзаро жанжаллашиб, уни бир неча бор уриб, тан жароҳати етказгани оқибатда Г.Х. вафот этган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Эркакка нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши юзасидан Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Наманганда маст эр 34 ёшли хотинини рашк сабаб иш жойида пичоқлаб ўлдиргани, Жиззахда хотинини хиёнат қилишда айблаб, уни ўлдириб қўйган шахс 14 йилга қамалгани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқандда хотини ва қайнонасини уриб ўлдирган эркак 24,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

loading...