Навоийда эмланмаган ўқитувчиларни ишдан бўшатган директорга чора кўрилди

0

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган 12-умумий ўрта таълим мактаби директори эмланмаган ўқитувчиларни ёппасига ишдан бўшатгани юзасидан тарқалган хабар бўйича Навоий вилояти Бандлик бош бошқармаси томонидан ўрганиш ўтказилган.

Меҳнат вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, тарқалган хабарларда кўрсатилган ҳолат ўз тасдиғини топган. Унга кўра Навоий вилояти Қизилтепа туман халқ таълими бўлимига қарашли 12-умумий ўрта мактаби директори ва ўқитувчиларидан тушунтириш хатлари олинган.

Маълумот учун: мактаб директорининг буйруғига асос сифатида кўрсатилган Махсус комиссиянинг 2021 йил 17 июлдаги йиғилиши 78-сонли баёнида коронавирусга қарши эмланмаган ходимларни ишдан бўшатиш эмас, вақтинчалик четлаштириш назарда тутилган эди.

Мактаб директорининг таъкидлашича, у дастлаб ходимларни огоҳлантирган. Бироқ вилоят санитария-эпидемиология бошқармаси текширганида ўқитувчилар эмланмагани учун унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима тайинланган. Шундан сўнг унинг жаҳли чиқиб, ўқитувчиларни бўшатиш юзасидан буйруқ тайёрлатган ва унинг нусхасини кўрсатган. Шундан сўнг айрим ўқитувчилар вакцина олгани ҳақидаги сертификатни тақдим этишган. Директорнинг таъкидлашича, буйруқ расмийлаштирилмаган, шунчаки «қўрқитиб қўйиш» учун тайёрланган эди. Бироқ мактабдаги ўқитувчилар уларга кўрсатилган буйруқда имзо ва муҳр борлиги ҳамда 170-рақам билан расмийлаштирилганини кўрганларини айтишган.

Меҳнат вазирлиги томонидан берилган маълумотга кўра, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2021 йил 23 ноябрда мактаб директори номига 18/00-01/11-571-сонли ёзма кўрсатма киритилиб, буйруқлар бекор қилинган ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жарима қўлланилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мактаб директорининг ваколатлари доирасига ходимларни «қўрқитиб қўйиш» кирмайди. Бундан ташқари ходимни ишдан бўшатиш ва четлаштиришнинг ўртасида фарқ бор. Махсус комиссия қарори ва Меҳнат кодексининг 113-моддасига асосан карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда, ходим ишдан четлаштирилиши мумкин.