Оёқлар увишишига сабаб нима?

0

Оёқларнинг увишиши — оёқларда сезувчанликнинг пасайиши туфайли юзага келади. Кўпинча увишиш оёқларда санчиш, кучсизлик, совиш, тортишиш каби белгилар билан бирга кузатилади. Бундай аломатлар нерв томирлари рецепторлари шикастланиши натижасида импулсларнинг узатилиши ва оёқ тўқималарида қон айланишининг бузилиши оқибатида келиб чиқади.

Сабаблари:

Умуртқа поғонаси касалликлари: Остеохондроз, умуртқа дискининг чурраси, спондилез – умиртқа поғонаси бўғимлари тоғай қисмида дистрофик ўзгаришлар нерв томирларининг сиқилишига олиб келади ва оёқлар увишиши пайдо бўлади. Бунга қўшимча равишда умуртқа бўйлаб, айниқса, бел қисмида оғриқ, оёқ ҳаракатининг чекланиши, мушакларда тортишиш кузатилади.

Қандли диабет касаллиги: Майда ва нерв томирлари рецепторлари шикастланиши оқибатида оёқларда увишиш пайдо бўлади. Қўшимча тарзда оёқларда чумоли юргандек бўлиши, оғриқ, айниқса кўп юрганда, иссиқ нарса таъсирини яхши сезмаслик гоҳида, ҳатто тери куйиб қолишига сабаб бўлади.

Мияда қон айланишининг бузилиши: Атеросклероз, мия қон томирлари тромбози, инсультнинг бошланғич даври – мия импулсларининг оёқ нерв томирларига узатилиши бузилади. Шунингдек, бош айланиши, бошда оғриқ, мушаклар тортишиши, оёқ тўқималарда «ловиллаш» ва санчиқ пайдо бўлиши мумкин.

Онкологик касалликлар: Бош ёки орқа мияда ўсимта пайдо бўлиши нерв томирларининг сиқилишига олиб келади. Қолаверса, бошда ёки белда мунтазам оғриқ, ҳаракат мувозанатининг бузилиши, кўнгил айниши, кўриш қобилияти ёмонлашиши мумкин.

Қон томирлари касалликлари: Эндоартрит, тромбофлебит, атеросклероз, Рейно касаллиги – оёқ артериал томирларида қон айланишининг бузилиши оқибатида пайдо бўлади. Оёқ териси пайпаслаганда совуқ, кўкимтир рангда, юрганда, оёқларни буклаб ўтирганда оғриқ бўлади.

Оёқларнинг увишиши жиддий аломат, уни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Невропатолог шифокорига мурожаат қилиб, қўшимча теширувлардан ўтиш ва  сабабини аниқлаб, даволаш ишларини бошлаш зарур.

loading...