Шавкат Мирзиёев Туркманистонга ташриф буюради

0

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 28 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Қайд этилишича, тадбир кун тартибига мувофиқ ташкилот доирасидаги кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, энг аввало, савдо муносабатларини ривожлантириш, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш, «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва инновацияларни жорий қилиш масалалари кўриб чиқилади. Саммитнинг якуний ҳужжатини қабул қилиш кўзда тутилган.

Туркманистонга ташриф дастури доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.

Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Мамлакат ИҲТга 1992 йилда қўшилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев йил охиригача қайси давлатларга бориши маълум қилинганди. Унга кўра, Презиентнинг Туркманистон, Қозоғистон ва Жанубий Кореяга сафар қилиши кутилган.