Тожикистонда митингга чиққан фуқароларга ўт очилди. Намойишчилардан олти киши яраланган ва бир киши ҳалок бўлган, шунингдек Роштқалъа туманида яшовчи яна бир шахс бедарак йўқолган.
Кеча Тожикистоннинг Хоруғ шаҳрида орган ходимлари ҳибсга олиш пайтида фуқарони отиб ўлдирганлиги сабабли митинг уюштирилди.
Хоруғ аҳолиси Роштқалъа туманида яшовчи 29 ёшли Гулбиддин Зиёбековни отиб ўлдирган орган ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қилиб чиқишган.
Прокуратура Г. Зиёбеков гаровга олиш, ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий, диний душманликни қўзғашда, шунингдек 2020 йил февралда туман прокурори ёрдамчиси А. Абирзодани 8 соат гаровда ушлаганликда айблаб, қидирувда бўлганини маълум қилган.
Аммо хоруғликларга кўра, прокурор гаровга олинишига унинг туманда яшовчи қизлардан бирига тегажоғлик қилгани сабаб бўлган. Қизнинг қариндошлари бошқалар билан биргаликда прокурорни қўлга олиб, ундан кечирим сўрашини талаб қилишган.