Туркияда ҳамон норозиликлар давом этмоқда

0

Туркия полицияси Истанбулдаги намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди, деб хабар бермоқда Reuters.

Асосан аёллардан иборат бир неча минг кишилик гуруҳ тўсиқлар билан тўсилган ва полиция кучайган ҳолда Истанбул марказидаги Таксим майдонига юриш қилди.

Хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари оломонни тарқалишга чақиргач, газ ишлатган ва намойишчилар билан муштлашган. Аёллар юриши чоғида полиция резина ўқларни ҳам отган.

Қайд этилганидек, намойиш Бутунжаҳон аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан ўтказилди. Унинг иштирокчилари аёлларга қарши жиноятлар сони ортиб бораётганига, шунингдек, Туркиянинг Аёлларни ҳимоя қилиш бўйича Истанбул конвенциясидан чиқишига норозилик билдирди. Бундан ташқари, намойишчилар турк лираси курсининг кескин тушиб кетиши ва бунинг натижасида нархларнинг ошиши муносабати билан ҳукумат истеъфосини талаб қилишди.

Намойишчилар Туркиядаги гендер зўравонлигига қарши шошилинч чора кўришни талаб қилиб, «Биз жим эмасмиз, қўрқмаймиз, итоат этмаймиз», деб ҳайқирди ва баннерлар кўтарди.

Маълумот учун, Туркия июль ойида Европа Кенгашининг Аёлларга нисбатан зўравонлик ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясидан (Истанбул конвенцияси) расман чиқди.

Аввалроқ турк лираси қулаганидан кейин Истанбул ва Анқарада ҳам ўз-ўзидан норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Намойишчилар ҳукумат истеъфосини талаб қилишди. Намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

loading...