Бухорода қўшни аёлни ўроқ билан жароҳатлаб ўлдирган шахс қўлга олинди

0

Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги «Гаждумак» МФЙда яшовчи 70 ёшли М.А. 55 ёшли қўшни аёл Ж.М.ни ўткир тиғли ўроқ билан жароҳатлаб, унинг қотилига айланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов маълум қилди.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 24 ноябрь куни «Гаждумак» маҳалласида ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Фуқаро М.А. соат тахминан 08:30 ларда дарахтларни буталашга чиққан. Шу вақтда қўшни аёл Ж.М. у буталаётган дарахт ўзига тегишли эканини билдирган ва дарахт таналарини ноўрин кесаганига эътироз билдирган. Икки қўшни ўртасида ўзаро жанжал бошланган. М.А. эса жаҳл устида қўлидаги иш қуроли – ўткир тиғли ўроқ билан Ж.М.нинг чап кўкрак соҳасига бир маротаба қасддан қаттиқ жароҳат етказган. Оқибатда аёл олган тан жароҳати натижасида воқеа жойида вафот этган.

«Икки қўшни ўртасида аввалдан ўзаро келишмовчилик бўлиб келган. Турли жанжаллар содир бўлиб турган. Ҳар икки оила ҳам 2014 йилдан буён маҳалла фуқаролар йиғинидаги нотинч оилалар рўйхатида туради. Маҳалла-кўй, ички ишлар ходимлари томонидан доимий яраштиришга уриниб келинган.

Ж.М. икки нафар фарзанднинг онаси. Маҳалладошларининг билдиришича, М.А.лар хонадони билан узоқ йиллик ўзаро келишмовчилик Ж.М.нинг тинкасини қуритган ва яқиндагина яхши ниятлар билан шу ердан кўчиб кетиш учун кўп қаватли уй харид қилган ҳам экан. Афсуски, қўшнининг спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда аёлни яшаш ҳовлиси олдида қўлидаги ўроқ билан уриб ўлдиргани ҳақидаги хабар ҳаммамизни эсанкиратди», — дейди Бухоро вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими раиси Istat Камолова.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, ўткир санчиб кирувчи жисм зарбаси туфайли марҳума Ж.М.нинг чап елка юқори орқа юзасидан чап кўкрак қафасигача, шунингдек, чап ўпка ва юрак чап бўлмасига жароҳатланган. Ички ва ташқи қон кетиши оқибатида вафот этган.

Ҳолат юзасидан судга оид тиббий, криминалистика ҳамда биология экспертизалар тайинланган. Ғиждувон туман прокуратураси томонидан фуқаро М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи 221-модда (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) тартибида ушланган.

«Мазкур жиноятни кенг жамоатчилик олдида муҳокама қилиш учун барча ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари маҳаллада бўлишди ва унинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилди. Ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди. Жиноят иши юзасидан тергов якуни бўйича батафсил маълумотлар берилади», – деди Шуҳрат Жалолов.

loading...