Туркия Президенти турк лираси қадрсизланишига ташқи кучлар айбдор деди

0

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған турк лираси қадрсизланишида ташқи кучларни айбламоқда. Бу ҳақда Измирдаги нутқида таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, Анқара таянч ставкасини тушириш сиёсатини давом эттиради.

– Биз халқимиз, фермерларимизни ставкага тилка-пора қилинишига йўл бермаймиз. Хорижий агентлар бор, улар бизга ҳужум қилаётгани аён. Аммо улар нимаики қилмасин, биз ўз иқтисодий дастуримиздан воз кечмаймиз, – деб айтган Туркия етакчиси.

Аввалроқ ҳам Эрдўған “ташқи кучлар” номига бундай айбловларни билдирган, бироқ кимни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган.

23 ноябрда Туркиянинг бир қатор шаҳарларида лиранинг қадрсизланишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Фуқаролар президент ва ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилган. 24 ноябрда эса пойтахт Анқарада ташкил этилган норозилик намойишида 43 киши қўлга олинган. Аҳоли ҳукуматнинг турк лираси қадрсизланишига олиб келган иқтисодий сиёсатига қарши норозилик билдирган.

Туркия парламентининг собиқ аъзоси Айкан Эрдемирнинг таъкидлашича, Эрдўғаннинг ўз иқтисодий сиёсатини қўллаб-қувватлаши миллий валюта билан боғлиқ вазиятни янада чуқурлаштириши мумкин.

Йил бошидан бери турк валютаси 70 фоизга қадрсизланиб кетди. Январда бир доллар учун 7,3 лираси берилган бўлса, 24 ноябрда унинг курси бир доллар учун 13,5 лирагача тушиб кетган. 25 ноябрда турк миллий валютаси курси бироз барқарорлашиб, бир доллар учун 12 лира атрофида ўрнатилган.

tarjumon.uz