Жаҳонгир Аҳмедов: “Илҳақ” фильмини ютуғи бу барчамизники!”

0

Кеча “Листапад” халқаро Минск кинофестивалининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Илҳақ” бадиий фильми кинофестивалнинг 2 та энг йирик мукофоти билан тақдирланди.

Кинокартина режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов ўз таассуротларини сўзлаб берди: “Ижодкор борки, қилган иши кўзга кўринишини, одамлар тилига тушишни истайди. Сиз катта роман ёзасизми ёки кичик лавҳани суратга оласизми, фарқи йўқ, барибир одамлардан мақтов, ширин гап, эътироф кутишингиз табиий.

Бу бежиз эмас. Чунки ижод аҳли кўнгилчан халқ. Қолаверса, ижодкор учун ҳар қандай асари – хоҳ у катта бўлсин, хоҳ у кичик бўлсин – ўз фарзандидек гап. Фарзандингиз учун раҳмат эшитиш, фарзандингиз учун эътироф кўриш – нақадар ёқимли ҳис.

Тасаввур қилинг, сизнинг болангиз кимсан, Давлат раҳбарининг назарига тушди. Болангизни шу даражага етказиб берган тарбиянгиз учун сизга раҳмат айтилди. Бундан қандай ғурурланмаслик мумкин ахир?

Бир ҳақиқат аниқ: “Илҳақ” аввало Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг, сўнг ижодий жамоанинг “фарзанди”.

Кеча бу “фарзанд”имиз халқаро кинофестивалда иккита катта соврин – Беларусь Республикаси Президентининг махсус мукофоти ҳамда “Лiстапад” XXVII халқаро Минск кинофестивалининг энг олий мукофоти – Гран-прига муносиб кўрилди.

Мазкур ютуқ билан Давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевни, Ўзбекистон Кинематография агентлигини, “Илҳақ” бадиий фильми ижодий гуруҳини, шунингдек, барча ўзбек кинотомошабинларини ҳамда соҳа ходимларини чин юракдан табриклайман!