Қашқадарёда боғча болалари ҳожатхонага қамаб қўйилган

0

Қашқадарёда боғча раҳбарияти текширувчилардан яшириб болаларни ҳожатхонага қамаб қўйгани, ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси матбуот хизмати ушбу боғча мудираси ва бошқаларга жиноят иши очилганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қарши шаҳридаги 32-Давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларни ҳожатхонага яшириб турилганлиги ҳолати ва бошқа камчиликларни ўрганиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши шаҳар бўлими томонидан 2021 йил 29 ноябрь санаси билан 1.18-799-21-сонли хат келди.

Хатда “…Қарши шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 32-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотининг 01.01.2021 йилдан 01.11.2021 йилгача бўлган даврда молия-хўжалик фаолияти юзасидан ўтказилган текширишда 80 миллион 153 минг 669 сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ҳамда суд ҳужжатларини ижро этмаслик жинояти аломатлари бўлганлиги сабабли Қарши шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 32-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси З.Қ. (қисқартирма таҳр.) ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Қарши шаҳар прокуратурасига юборилди” дея келтириб ўтилган.

Жараён юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилади», дейилади хабарда.

loading...