10 та давлат билан авиақатновлар тўхтатилади. Сабаби…

0

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемиологик вазият мураккаб бўлган бир қатор давлатлар билан халқаро авиақатновлар тўхтатилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия, Австралия, Миср ҳамда Жанубий Африка минтақаси мамлакатларида (Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Лесото, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Эсватини ва Танзания) коронавируснинг янги «омикрон» штамми кенг тарқалиб, эпидемиологик вазият кескинлашиб бораётганлиги муносабати билан, қатор давлатларда, хусусан АҚШ, Австрия, Германия, Словакия, Россия ва Қозоғистонда қўшимча карантин чекловлари жорий этилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекцияси, шу жумладан, унинг янги «омикрон» штамми тарқалишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида 17 ноябрдан бошлаб тўлиқ эмланган фуқароларни бустер доза билан ихтиёрий эмлаш тартиби жорий этилди.

Қолаверса, жаҳондаги мураккаб эпидемиологик вазият Ўзбекистон аҳолисини ҳам огоҳликка чақириш, фуқароларимиз ўртасида эҳтиёткорлик сусайиб кетишининг олдини олиш зарурати пайдо бўлганини кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Республика махсус комиссиясининг йиғилишида янги йил арафасида мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш ва Ўзбекистон ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик бўйича бир қатор масалалар кўриб чиқилган.

2021 йил 3 декабрдан 2022 йил 10 январга қадар ЖАР, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан  халқаро авиақатновлар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатилади.

Мазкур давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.

Масъул вазирлик ва идоралар ушбу давлатлардаги мавжуд эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда улар билан халқаро авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш юзасидан таклиф киритиб бориши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков коронавируснинг Африкада аниқланган янги штамми — «омикрон» иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли мавжудлигини айтганди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу штаммни бутун дунё учун хавфли дея тан олган.

loading...