Қаҳва нархи рекорд даражага кўтарилди

0

Нархнинг ўсиши 2023 йилгача давом этади.

Дунё бўйлаб қаҳванинг нархи сўнгги 10 йил ичида энг юқори кўрсаткичга етди. Бу ҳақда CNBC нашри ёзмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, нархларнинг ўсиши 2023 йилгача давом этади. Нью-Йорк континентал биржасида кофе фючерслари 2,46 долларга етган. Бу 2011 йилдан бери кузатилган энг юқори нарх бўлиб, ўшанда бир фунт қаҳванинг нархи 3 доллардан ошганди. Айни вақтда Халқаро қаҳва ассоциациясида асосий нарх бир фунт учун 2,07 долларни ташкил этмоқда, бу ўтган йилга нисбатан 85 фоизга кўп.

«Бу йил ҳаво ҳарорати паст бўлган Бразилияда содир бўлган воқеаларга эътибор қаратишимиз керак. Аёз ва қурғоқчилик 2022 йилда ҳосилни оғир аҳволга солиб қўяди», — деди Saxo Bank’нинг товар стратегияси раҳбари Оле Хансен.
Унинг қўшимча қилишича, ноқулай об-ҳаво ҳодисалари 2023 йилги ҳосилга ҳам таъсир қилиши мумкин. Кофе нархининг ошиши хавфи «жуда реал», деди у. Иқлим шароитларидан ташқари, глобал таъминот чекловлари қаҳва бозорига сезиларли таъсир кўрсатган, чунки маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар ва уни қовурувчилар кўпинча турли мамлакатларда жойлашган бўлади.

Бундан ташқари, бозордаги нарх-наво қаҳвани экспорт қилувчи мамлакатлардаги вазиятга ҳам боғлиқ. Масалан, Эфиопия фуқаролар уруши ёқасида, Вьетнамда эса COVID-19 билан касалланиш кўпаймоқда. Жаҳонда қаҳва нархларининг кўтарилиши, шунингдек, Колумбиялик ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб беришнинг атайлаб камайтирилиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Аввалроқ дунёда кофе етиштириш учун майдон 2050 йилга келиб, икки бараварга қисқариши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

loading...