Эркак ўз қайнонасини дўппослади. Сабаб эса…

0

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи фуқаро Ш.М. ўз яшаш уйида шаръий никоҳ асосида иккинчи бор уйланиб яшаб юрган. Шу боис унинг расмий никоҳида бўлган турмуш ўртоғи М.А. билан ўрталарида олдиндан келишмовчилик бўлган.

Ана шундай кунларнинг бирида эркак расмий никоҳида бўлган аёли М.А. ва унинг онаси, икки опаси билан тортишиб қолади. Тортишув вақтида қайнонаси Ж.Х.га қўл кўтариб қасддан тан жароҳати етказади.

Аёлнинг юз, кўз ва бош соҳаларига бир неча маротаба қўлларини мушт қилиб, қасддан ургани боис, “ўнг ва чап кўз юқори ва пастки қовоқда тери ости қон қуйилишлари, иккала кўз контузиясининг енгил даражаси, бош миянинг чайқалиши” кўринишидаги соғлиқнинг қисқа вақт ёмонлашуви содир бўлади.

Шунингдек аёлининг опалари, яъни қайни опаларининг ҳам саломатлигининг ёмонлашувига олиб келувчи жароҳатлар етказади.

Судланувчи Ш.М. суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, аёли ва унинг оила аъзолари томонидан ўз онасига нисбатан ортиқча ҳаракатлар ва ҳақоратли сўзлар ишлатилгани боис шундай йўл тутганини билдирган.

Шунингдек, турмуш ўртоғи касаллиги сабабли унинг розилиги билан туманнинг “Узумзор” маҳалласида яшовчи Ю.Ж.га шаръий никоҳ асосида уйланганини, турмуш ўртоғининг қариндошлари буни қабул қила олмай жанжал кўтарганини айтиб ўтган.

У ўз қилган ишидан пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, жабрланувчилардан кечирим сўрашини, оиласи билан ярашиб, болалари ва хотинини уйига қайтариб олиб келмоқчи эканлигини баён қилиб, суддан қонуний енгиллик беришни сўраган.

– Судланувчи ва унинг турмуш ўртоғи ушбу маҳаллага бир ярим йиллар олдин кўчиб келган, – дейди тумандаги “Паҳлавон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари З.Икматова. – Улар ижарада яшайди, бу оила олдинги яшаган “Тоғай Мурод” маҳалласида ҳам низоли оила рўйхатида турган. Ш.М. бошқа аёлга шаръий никоҳ асосида уйланган ҳам. Шу боис оилада эр-хотин ўртасида доимий равишда жанжал бўлиб келган. Бир неча маротаба маҳаллада муҳокама қилиниб, яраштирмоқчи бўлдик, аммо аёли М.А. эрининг хиёнатини кечирмаслигин ва, ярашмаслигини айтган.

Суд давлат айбловчисининг хулосаси судланувчи, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, судланувчи Ш.М.нинг айби ўзининг иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95-моддаси тартибида текширилган далиллар билан ўз тасдиғини топди, деб ҳисоблайди. Суд, судланувчи Ш.М.нинг ҳаракатларида жазони енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ, деган хулосага келди.

Ш.М. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, 9 (тўққиз) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазо манзил-колонияларда ўталиши белгиланди.

Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман суди судьяси И.Абраевнинг маълум қилишича, ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида шу суд орқали жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судига апелляция тартибида, ҳукм қонуний кучга киргач кассация тартибида шикоят бериши ёки протест билдириши мумкинлиги тушунтирилган.

loading...