«Ласетти» миниш орзуси саробга айланган йигит ёхуд нафси ўпқон даллол

0

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди, ўз биносида, очиқ суд мажлисида, ВКА тизими орқали навбатдаги жиноят иши кўриб чиқилди. Суднинг қора курсисида ўтирган 45 ёшли фуқаро Исомиддин Нурбекович Олимжонов (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) эса муқаддам бир неча бор судланган.

Хусусан:

1. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2004 йилдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «б», «г» бандлари билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ЖКнинг 72-моддасига асосан ҳукм шартли деб топилган ва 1 йил синов муддати белгиланган, 05. 01. 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01. 12. 2004 йилдаги «… амнистия тўғрисида»ги Фармонининг 2-моддасига асосан жазодан озод этилган.

2. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2016 йилдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми ва 267-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 57, 59-моддалари тартибида ойлик иш ҳақидан 20% давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2017 йилдаги ажрими билан ЖКнинг 46-моддасига асосан ўталмай қолган 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг 2017 йилдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми тартибида 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судининг 2019 йилдаги ажрими билан ЖКнинг 74-моддасига асосан ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг 3 йил 7 ой 19 куни ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2020 йилдаги ажрими билан ЖКнинг 46-моддасига асосан ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 3 йил 5 ой 22 куни озодликдан маҳрум қилиш жазосига сиртдан алмаштирилган.

Хўш, боши бир неча бор деворга урилган бўлишига қарамасдан «қаҳрамонимиз» нега яна жиноят йўлини танлади? Келинг, ушбу саволга жавоб топиш учун воқеалар ривожини бироз ортга сурамиз…

Исомиддин Олимжонов мобиль телефонига кетма-кет бўлаётган қўнғироқларга эътибор бермади. Чунки у ҳозир жуда банд, агар бирор-бир нарсага, ҳатто қўнғироққа жавоб бериш учун озгина чалғиса ҳам «мижоз»ни қўлдан чиқариши аниқ эди. Шу боис И. Олимжонов тинмай ёқимли мусиқа чалаётган телефонига бир қараб қўйди-ю, деярли 99 фоиз «пишиб» қолган харидорни «ўраш»да давом этди:

— Ука, ўзи бугун бир омадим чопиб яхши, тоза машина қўлимга тушиб қолди-да. Энди мен сизга яширмай очиғини айтдим, бизларники ҳам тирикчилик, тўғриси, мана шу «Спарк»нинг устига бор-йўғи «кўки»да икки юз қўйганман. Нега десангиз менинг ҳам шеригим бор, унинг улушиниям чиқариб беришим керак. Лекин бутун автомобиль бозорини айланиб чиқинг, бунақа зўр «Спарк»ни тополмайсиз. Пулингиз ўзингиз билан кетади, барака топасиз шу машинадан, бола-чақангиз билан мени дуо қилиб миниб юрасиз.

Мижоз ҳам пишиққина экан, шекилли, даллолнинг сўзларига миқ этмай тураверди. Буни кўрган И. Олимжоновнинг асаблари ўйнай бошлади:

— Оғайни, ўзи машина олиш нияти бормиди ёки бекордан бекорга вақтимни кетказиб, жағимни оғритиб ўтирибманми?

— Ният-ку, бор-а, лекин нархини сал баланд айтяпсиз-да, ака, — ниҳоят, тилга кирди харидор ҳам.

— Энди машинанинг ҳолатига қараб-да, укам, мен сизга роса «еган», уч-тўртта устанинг қўлидан ўтган уловни кўрсатмаяпман. Айтдим-ку, бу машина тоза, йилиям унчалик эски эмас, битта одам, яна денг аёл киши ҳайдаган. Ҳайдагандаям фақат уйдан ишхонасига, ишхонасидан уйга, кейин бозор-ўчарга бориб келган. Ишонмасангиз, ана, пробегини қаранг, ҳали эллик минг ҳам юрмаган, — куйиб-пишди Исомиддин Олимжонов.

Аммо мижоз ҳам анойилардан эмас экан.

— Э-э, ака, ҳозир битта зўр карчер қилиб, баллонларни алмаштириб, спидометрни орқага суриб қўйсангиз бўлди, эски машинаям янгидай бўлиб қолади-да, — деди у даллолнинг бир жойда турмай олмакесак тераётган кўзларига қараб.

— Бор, шунақалар ҳам бор! Лекин, ука, биз Худодан қўрқамиз! Биз Аллоҳни таниган, бировдан бир сўм олсак, рози қилиб оладиганларданмиз. Бўлмаса, топган пулимизнинг баракаси бўлмайди, — деди И. Олимжонов энг сўнгги лаҳзаларда ишлатадиган услубини қўллаб.

— Майли, ака, ўзи бозорга кирганимдаёқ шу «Спарк»ка ишқим кетганди. Оламан шу машинани, фақат нархидан сал ўтиб берасиз…

Даллол дарров қўлини кўксига қўйди:

— Жон, ука, майли, олмасангиз ҳам, мени унақа қийнаманг, чунки бундан ортиқ ўтолмайман, тақалган жойи шу.

— Э-э, ака, мениям тўғри тушунинг, ҳали олдинда қанча харажатларим бор, шунинг учун иримига яна юз ўтмасангиз бўлмайди.

— Лекин роса пишиқ йигит экансиз! — дея кулди Исомиддин ич-ичидан савдо пишганидан хурсанд бўлиб. — Майли, эрталаб биттасига эллик доллар тушмаган эдим, сизгаям юз эмас, эллик ўтиб бераман.

— Бўлди, розиман, ака!..

Шу билан қўл ташланиб, оғзаки битим тузилди. Машина олиш иштиёқидаги харидорнинг қўлидаги закалат пуллари ўртакашга, автомобиль калити ҳамда ҳужжатлар эса харидорга ўтди.

— Агар вақтингиз бемалол бўлса, машина бозорини айланиб ёки бирор жойда чой ичиб туринг, мен ҳозир эгасига телефон қиламан, узоғи билан ярим соатда етиб келади, — дея пулларни чўнтагига урди кайфияти бирдан кўтарилиб кетган Исомиддин даллол ва шундан кейингина боядан бери тўхтовсиз мусиқа чалиб ётган телефонининг экранига боқди-ю, нотаниш рақамни кўриб, елкасини қисганча ўйланди: «Ким экан бу ишлашга ҳам қўймаётган? Ёки Шерали айтган одам шумикин? Э-э, нима фарқи бор кимлигининг, балки эски мижозлардандир? Ким бўлгандаям бир қайтариб телефон қилиб қўйсам бирор жойим камайиб қолмас».

Унинг чақирувига дарров жавоб бўлди. Кейин нотаниш рақам эгаси ҳамда даллол ўртасида қўйидагича суҳбат бўлиб ўтди:

— Алло, ассалому алайкум. Исомиддин ака, яхшимисиз?

— Аллоҳга шукр, яхши… Лекин, узр, сизни танимайроқ турибман…

— Мен Зафарман, номерингизни Шералидан олгандим.

— Қулоғим сизда, Зафаржон…

— Ака, менга «Ласетти» керак, шунга сизга телефон қилгандим, агар иложи бўлса, ёрдам бериб юборсангиз.

— Бажонидил, ука, бажонидил! Ўзи ишимиз холис хизмат-ку, бунинг устига Шералининг таниши экансиз, ҳеч нарсадан хижолат бўлмай гапингизни айтаверинг. Қанақа «Ласетти» олиш ниятингиз бор?

— Ака, тўғрисини айтсам, агар имкони бўлса, салондан янги «Жентра» чиқариб беринг, сизни ҳам рози қиламан.

— Зафарбой, бу сизнинг автосалонлардаги вазиятдан хабарингиз йўқми, дейман? Биласизми, ҳозир одамлар «Жентра»га пул тўлаб қўйиб олти ойлаб кутиб ўтиришибди.

— Сал қулоғимга чалингандек бўлувди. Нима, ҳеч иложи йўқми?

— Мен одамларни алдаб ўрганмаганман! Тўғриси, салондан «Жентра» тугул «Кобальт» ҳам чиқаролмайман! Лекин бозорнинг олди «Ласетти»сини олиб бериш қўлимдан келади!

— Э-э, у ёғини сўрасангиз, «Нексия»ни сотиб қўйиб, ҳозир пиёда юрибман-да, ака. Майли, агар ҳолати зўр, қийналмаган «Ласетти» бўлса, олавераман.

— Унда мен сизга «Телеграм»дан қўғирчоқ «Ласетти»нинг расмини ташлаб қўяман. Кўринг, маъқул келса, гаплашамиз…

Шу тариқа Исомиддин Олимжонов 2020 йилнинг 13 октябрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган «Олмазор» метро бекати олдида Зафар Қаюмович Сирлибоевга «Ласетти» русумли автоулов сотиб олиб беришини ваъда қилиб, бунинг эвазига ундан 600 АҚШ доллари (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 13. 10. 2020 йилдаги маьлумотига кўра, 1 АҚШ доллари 10364, 48 сўмни ташкил қилиб, 600 АҚШ доллари 6218688 сўмни ташкил қилади) миқдоридаги пулларни олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборди. Автомобилни кута-кута тоқати тоқ бўлган Зафар эса унинг рақамига қўнғироқ қилиб тушолмасди. Шундан сўнг «Ласетти» миниш орзуси саробга айланишидан чўчиган Зафар Сирлибоев ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Судланувчи Исомиддин Олимжонов судда айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, Сергели туманидаги машина бозорида даллолчилик қилиб юрганлиги сабабли жиззахлик Зафар Сирлибоев бу масалада ёрдам беришни сўраб унга 2020 йил октябрь ойида қўнғироқ қилгани, унга бозорда 10500 АҚШ долларига сотилаётган 2019 йилда ишлаб чиқарилган, ҳолати яхши бўлган «Жентра» русумли автоулов борлигини, лекин автоуловнинг 8000000 сўмлик жаримаси борлигини, дастлабки ҳужжатлаштириш ишларига 900 АҚШ доллари кераклигини, ўзининг ёнида 300 АҚШ доллари борлигини, агар унга 600 АҚШ доллари ва ўзининг фуқаролик паспортини юборса, машинани унга тезлаштириб олиб беришини айтиб, уни алдаганлигини, эртаси куни З. Сирлибоев такси ҳайдовчиси орқали унга 600 АҚШ доллари ва ўзининг фуқаролик паспортини жўнатганлигини, 600 АҚШ долларини у ўзининг қарзларига тўлаб юборганлигини, фуқаролик паспортини эса кейинчалик эгасига қайтариб берганлигини, ҳозир қилмишидан пушаймонлигини ва моддий зарарнинг ўрни қариндошлари томонидан тўлиқ қопланганлигини кўрсатиб, суддан унга енгиллик беришни сўради.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи И. Олимжоновга нисбатан тегишли тартибда жазо тайинланди.

Темур КАСИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди судьяси

Суннатулло АБДИМУРОД ўғли,

журналист

loading...