Бухорода кураш бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бошланди

0

Кеча Бухоро Олимпия захиралари коллежида миллий ифтихоримиз бўлмиш кураш бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубогига старт берилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, мусобақада республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан келган 300га яқин полвонлар ғолиблик учун беллашмоқда.

Хабар берганимиздек, жамоавий беллашувларда ҳар бир жамоа таркибида 9 нафар (5 нафар эркак, 4 нафар аёл) курашчи жой олади. Мусобақада эркаклар -60 кг, -66 кг, -73 кг, -90 кг ва 90 кгдан юқори вазн тоифаларида беллашса, хотин-қизлар -57 кг, -63 кг, -70 кг ва 70 кгдан юқори вазн тоифаларида гиламга тушишади. Шунингдек, бу сафар Ўзбекистон кубоги беллашувларида яккалик баҳслари ҳам ташкил этилади.

Бироз аввал бўлиб ўтган мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Бухоро вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.

Ўзбекистон кубоги ғолиблари эртага маълум бўлади.