Машиналарга «монитор» ўрнатишга рухсат берилди

0

Монитор ўрнатишга рухсат, лекин бошқарув пайтида видео томоша қилиш мумкин эмас
Кўпчиликка яхши маълумки, “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.

Унга кўра эндиликда ҳайдовчилар транспортни бошқаришда телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларини ишлатмасдан гаплашиш имконини берадиган ускуналар орқали фойдаланиши мумкин.

Ҳайдовчилар белгиланган тезликни ошириб юборганида қайд этилган тезликдан 5 км/соат чегириб ташлаб жазо қўлланилади. Шунингдек, транспорт салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатганлик учун жавобгарлик бекор қилинди.

Аммо ҳайдовчилар бир нарсани унутмасликлари керак. Яъни транспорт воситасини бошқариш пайтида теле ва видео дастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади. Бошқача айтганда, монитор ўрнатишга рухсат, лекин бошқарув пайтида ҳайдовчилар монитордан видео томоша қилишлари мумкин эмас.

Нима бўлганда автомобиль рулига ўтирган ҳар бир ҳайдовчи ҳушёрликни йўқотмасдан, белгиланган йўл қоидаларига амал қилса, бугунги кунда кўп учраётган кўнгилсиз воқеа-ходисалар сони кескин камаяди.

uzlidep.uz