Пневмония насл суриши мумкинми? Шифокор Нодир Сотиболдиев аниқлик киритди

0

Шифокорнинг сўзларига кўра, барча пульмонологик касалликлар ҳам наслдан наслга ўтмайди. Насл сурадиган касалликлар гуруҳига муковиcцидоз, бронхиал астма ва бошқа аллергик касалликлар киради.

«Оилада ота ёки она бронхиал астма билан касалланган бўлса, боланинг хасталикка чалиниш эҳтимоли 20-30 фоизни, агар ҳар иккиси (ота ва она) касалланган бўлса, бу кўрсаткич 75 фоизни ташкил этиши мумкин. Ушбу ҳолат онанинг ҳомиладорлик даврида кечса, хавф янада ортиши тахмин қилинади»,-дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Нодир Сотиболдиев.

«Респиратор инфекцион касалликлар наслдан наслга ўтмайди. Улар келиб чиқишига кўра, организм иммун тизими сустлиги, микроорганизмлар миқдори ва уларнинг вирулентлиги (микроорганизмларнинг касаллик қўзғатиши) юқори бўлишига боғлиқ.  

Ҳозирги пайтда нафас аъзолари касалликларининг асосий қисмини бронхиал астма, сурункали обструктив ўпка касаллиги ва пневмония ташкил килади. Дунё бўйича бронхиал астма аҳоли орасида ўртача 5 фоиз ҳолларда учрайди, бу кўрсаткич болалар ўртасида янада юқори — ўртача 10 фоиз.  Сурункали обструктив ўпка касаллиги эса дунё бўйича касалланиш ва ўлим кўрсаткичларининг асосий сабабларидан бирига айланиб бормоқда.  

Инфекцион касалликлар орасида ўлим сабаблари кўрсаткичи бўйича пневмония биринчи ўринни ва умумий ўлим кўрсаткичи сабаблари бўйича олтинчи ўринни эгаллайди»,-дея алоҳида таъкидлайди у.

Шунингдек, шифокор пандемия даврида нафас органлари касалликка мойил кишилар ўз соғлиқларига жиддий эътибор қаратишлари шартлигини айтади.

loading...