50 минг доллар ва битта “Нексия”га баҳоланган ер

0

Инсон табиати қизиқ, дарров бойиб кетсам, дейди. Данғиллама уй қурсам, қиммат машина олсам, кўплаб кўчмас мулкка эга бўлсам, деб хаёл қилади.

Кейинги пайтда ер сотиб, ёки бировни ўқишга киритаман дея коррупцияга аралашиб қолаётган фирибгарлар кўплаб учраётгани  ташвишланарли…

Жўрақул ўртоғи Сиёвуш (исм-шарифлар ўзгартирилган) билан биргаликда ер ижарага олиб, деҳқончилик ва тадбиркорлик қилиб фойда олишни ният қилишди. Шу мақсадда 2021 йил апрель ойининг охирлари ва май ойининг бошларида Самарқанд шаҳри атрофидан бўш ерларни сўраб-суриштирди.

Йигитлар Оқдарё туманига борганларида қассобхона деворига “Ер сотилади”, деган эълонга кўзи тушишди. Қассобхона эгасидан ер қидириб юрганлигини айтишди.

Қассоб “Фермер Аҳмадбойнинг ери бор, сотиши мумкин”, деб унга телефон қилди.

Аҳмадбой иш билан юргани учун эртага кўришамиз, деб айтди.

– Йигитлар “Янгилик бўлса хабар берарсиз”, деб бошқа ҳудудларни кўришга кетишди.

Эртаси куни қассоб Жўрақулга қўнғироқ қилиб ер масаласида келиб кетишларини сўради.

Келганларида қассоб уларни Аҳмадбой Бозоров билан таништирди. Кейин тўрталаси биргаликда фермернинг ерларини кўришга кетишди. Йўл ёқасидаги бир гектар ер уларга маъқул бўлган эди.

– Ерни қанчага сотасиз? – сўради Сиёвуш.

– 70 минг кўки, – деди Аҳмадбой.

– Бу қиммат-ку?

– Яқинда ёнимдаги корхона раҳбари сўради 55 га бермадим.

Ер олувчилар жойни обдон кўздан кечиришди, охири улар 50 минг АҚШ доллари ва бир дона “Нексия” қўшиб беришга келишишди.

Кейин тўрталаси қассобхона олдига қайтиб келишди.

– Ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи “жияним Фазлиддин” тайёрлаб беради, – деди Аҳмадбой ака.

Фермер йигитлар олдида “жияни”га қўнғироқ қилди. Телефон овозини баландлатди.

– Бўлди, тоға МЧЖ қилиб ҳужжатларни тайёрлаб бераман.

Улар барча ҳужжатлар тайёр бўлгач, учрашишга келишиб хайрлашишди.

Орадан  икки кун ўтиб, 4 май куни Жўрақулга Аҳмадбой қўнғироқ қилиб, унга “Ерга ҳаражат қиляпман, чопа-чоп қилиб, куйиб қолмай, мен ҳужжатлар расмийлаштириш учун 5.000 АҚШ доллари харажат қилдим, аниқ оласизларми?”, деб сўради.

– Албатта, оламиз, – деди Жўрақул.

Орадан бир ҳафталар ўтди. Бу орада Жўрақул онасига ижарага ер олмоқчилигини, шунинг учун машинасини сотмоқчилигини айтди.

Онаси бунга қаршилик қилди.

– Нима қиласан, машинани сотиб, ер олишнинг ўзи бўладими, бу қонунга ҳилоф-ку, ҳозир ер сотаман деган фирибгарлар кўпайган, тинч юргин болам, деди.

Бу орада Аҳмадбой Жўрақулга қўнғироқ қилиб, ер ҳужжатлари тайёр бўлиб қолганини, пулни тайёрлаб қўйиши кераклигини айтиб бир неча бор қўнғироқ қилди.

Аслида, 55 минг доллар катта пул эди.

Икки ўртоқ ўйлаб-ўйлаб, бу ҳақда тегишли идораларга хабар беришни ихтиёр этишди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари ариза асосида тезкор тадбир режасини ишлаб чиқишди.

Йигитлар Аҳмадбой ака билан яна ўша қассобхона олдида учрашишга келишишди.

Аҳмадбой ҳужжатларни йигитларга кўрсатиб, “жиян”ига қўнғироқ қилиб, “қариндорш биз бораяпмиз”, деди. Йўлда кимгадир телефон қилиб, муҳрни олиб чиқиб беришини тайинлади.

Улар Оқдарё туман ҳокимлиги биноси олдига боришди. Автотураргоҳга машинани қўйишди. Аҳмадбой ака “жиян”ига телефон қилди.

– Биз келдик “жиян”, чиқасанми?

Бироздан сўнг  ҳожатбарор “жиян” чиқиб келди.

Ҳокимликда ишловчи “жиян” барча ҳужжатларни узоғи билан бир ҳафта ичида тайёрлаб беришини, фермер хўжаликни масъулияти чекланган жамиятга ўзгартириб, унга йигитлардан бирини раҳбар қилишини, паспорт нусхаси билан келиб имзо қўядиган қоғозларга имзо қўйиб кетишини, тайёр бўлса ўзи чақиришини айтди.

– Мана, ҳужжатларни кўрдиларинг, ҳокимиятда ишлайдиган одам тушунтирди, бир ҳафтада тайёрлаб беради, – деди Аҳмадбой.

Уларнинг ҳаммаси яна машинага ўтиришди. Сиёвуш олдиндан тайёрлаб қўйилган 4 почка долларни Аҳмадбой ва “жиян”га кўрсатди. “Мана, санаб олинг ҳаммаси тўғри”, деб айтди.

Аҳмадбой долларни кўриб кўзи чақнаб кетди. Хаёлида бойиб кетган бойвиччага айланди. Пулларни олиб санай бошлади. Шу пайт кутилмаганда бир неча бегона фуқаролар пайдо бўлиб, “биз Департаментдан”миз дея уларни босиб олиб кетишди…

Суд мажлисида Аҳмадбой Бозоров ва Фазлиддин Умиров, аслида, жиян эмас, битта маҳаллада яшовчи танишлар бўлиб чиқди. Улар олдиндан ер сотиб пул қилишни режа қилишган экан. А. Бозоровнинг 3 нафар фарзанди бор, фирма раҳбари. Ф. Умировнинг 1 нафар фарзанди бор, Оқдарё туман ҳокимлигида масъул лавозимда ишларди. Нафс, пул, бойлик уларни ҳароб этди.

Суд А. Бозоровни Жиноят кодексининг 25-, 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. 59, 61-моддаларига асосан суд томонидан тайинланган жазоларни тўлиқ қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича ўташлик учун узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида жарима ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Ф. Умиров худди шунингдек, А. Бозоровдан фарқли ўлароқ 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Тинч-тотув меҳнат қилиб юрган икки маҳалладош ноқонуний пул, бойлик орттираман, деб қармоққа илинди.

 

Илёс ДОНИЁРОВ,

Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман суди раиси

Зокиржон ҚЎЗИБОЕВ,

Олий суд катта консультанти