Андижонда 18 ёшли хавфли рецидивист ушланди

0

Андижонда 18 ёшли хавфли рецидивист заргарлик дўконида ўғрилик содир этганликда гумонланиб, ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, 21 ноябрдан 22 ноябрга ўтар кечаси номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Андижон шаҳри Бобуршоҳ кўчасида жойлашган тилла ва кумуш буюмлар сотиладиган дўконга ғайриқонуний равишда кириб, 70 миллион сўмлик кумуш буюмларни, 150 долларга тенг бўлган чойшаблар, тарози, касса аппарати, терминал ва бир дона қора рангли «барсетка»ни яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни муқаддам бир неча маротаба судланган хавфли рецидивист бўлмиш 18 ёшли И.М. содир этгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан И.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у, гумон қилинувчи тариқасида жиноят ишига иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Қайд этилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.