Ҳокимлик фермернинг ерини ноқонуний олиб қўйгани аниқланди

0

Бизнес-омбудсманнинг судга киритган даъво аризаси билан фермерга 42 млн сўм компенсация тўланиши белгиланди.
Фото: O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида фермер хўжалигига тегишли ер майдонининг ижара шартномаси ҳокимлик тарафидан ноқонуний равишда бекор қилинган. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бизнес-омбудсман Ховос тумани ҳокимлигига нисбатан киритилган даъво бўйича судда ютиб чиққан. Даъво аризаси фермер хўжалиги ер участкасининг ноқонуний олиб қўйилиши натижасида етказилган зарарни ундириш мақсадида киритилган.

Аниқланишича, туман ҳокимининг 2016 йилдаги қарорига асосан фермер хўжалигига 5,2 гектар ер майдони узоқ муддатли ижарага берилган. Бироқ, кейинчалик ижара шартномаси ҳокимлик томонидан ноқонуний равишда бир томонлама бекор қилинган.

Таъкидланишича, фермер хўжалиги боғдорчилик фаолиятига ихтисослашган бўлиб, ижара шартномасининг ноқонуний равишда бекор қилиниши натижасида ер майдонида мавжуд бўлган 300 туп ўрик ва 133 туп ёнғоқ дарахтлари яроқсиз ҳолатга келган.

Бизнес-омбудсманнинг Боёвут туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризаси натижасида Ховос тумани ҳокимлигининг ҳисобидан фермер хўжалигининг фойдасига қарийб 42 миллион сўмлик маблағларни етказилган зарар учун компенсация сифатида ундирилиши белгиланган.

Аввалроқ Қашқадарёда «Обнал иши» бўйича бўлиб ўтган судда тадбиркор ютиб чиққани хабар қилинганди. Шунингдек, Бизнес-омбудсман БМТ ва ЕТТБ билан коррупцияга қарши ҳамкорлик қилиши ҳақида хабар берилди.