Камҳосил ерлар 0,1 гектардан 1 гектаргача бўлган ҳажмларда ижарага берилади

0

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди.

Низомга кўра, қуйидаги тадбирлар белгиланмоқда:

  • паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган, фермер ва кластерлар фойдаланаётган 200 минг гектар ерни босқичма-босқич (2022–2025 йилларда, шундан 2022 йилда – 80 минг гектар) захирага қайтариш;
  • захирага олинган ер майдонлари 0,1 гектардан 1 гектаргача бўлган ҳажмларда ижарага берилади, ижара муддати – 10 йил;
  • ер участкаларини ижарага беришни ташкиллаштириш «E-ijara» ахборот тизими ва «E-AUKSION» савдо майдончаси тизимларида очиқ электрон танловлар орқали ташкил этилади;
  • қишлоқ хўжалиги ерлари экин экиш учун 1 йилгача иккиламчи ижарага берилади, шартнома ихтиёрий тузилади ва бу шартнома фермерни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилмайди;
  • талабгор очиқ электрон танловда иштирок этиши учун олдиндан тўлайдиган закалат пули миқдори ва тақсимлаш тартиби қуйидагича: деҳқон хўжалиги учун – 270 минг сўм («O‘zdaverloyiha», «E-IJARA», «E-AUKSION» «дафтар»ларга киритилганларга – бепул), фермер хўжалиги ва бошқа юридик шахслар учун ер участкалари танловида: 30 гектаргача ерда – 1,35 млн сўм, 30-100 гектаргача ерда – 2,7 млн сўм, 100 гектар ердан ортиқ ерда – 5,4 млн сўм.

Лойиҳаларни амалга оширишдан кутилаётган натижалар:

1) 200 минг гектар ер майдонини қайта тақсимлаш орқали камида 525 мингта ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш;

2) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликлари улушини ошириш;

3) ер ажратишдаги коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини кескин камайтириш;

4) ер ажратишдаги харажатларни норасмий тўловлар орқали қоплаш амалиётига чек қўйиш.

loading...