Коррупция – хавфли иллат!

0

“Коррупция” – нима, коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари, Коррупциянинг тарихий ўзаклари ва коррупциянинг нималарга таъсир этиши ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мазмун моҳияти ҳақида сўз юритамиз.
Халқ тилида соддагина қилиб – коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.
Коррупция ҳақида – Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Коррупция” – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.
Аслида, коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Илмий адабиётларда унга қуйидагича таъриф берилади: ”Коррупция”- шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш. Коррупция атамаси лотинча “орруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади. Иқтисодчи Бэрдхеннинг фикрига кўра, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин.
Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Коррупсиянинг тарихи антик даврларга бориб тақалади. Қадимги Юнонистон давлатида оддий халқ вакиллари оқсоқолларга ва турли даражадаги амалдорларга совға-саломлар беришган. Худди шундай ҳолатлар қадимги Мисрда ҳам кузатилган.
Тадқиқотчилар коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар:
Биринчиси – иқтисодий сабаблар. Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси – институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси – ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.
Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади.

Коррупциянинг таъсири нималарда намоён бўлади? Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди.
Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принципларини белгилашда бундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масаласи қатъий ҳисобга олинган. Коррупцияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, мўтабар туйғуларнинг қадри йўқолади. Бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ва сотиш мумкин, деб ўйлайди. Улар иймон-эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳаёт учун азиз саналадиган ҳеч нарсани инониб бўлмайди. Чунки улар ота-онаси, қариндош-уруғлари, ёр-у биродарлари, маҳалла-кўйнинг юзини ерга қаратишдан, бошини эгишдан уялмайди.
Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Ҳаммамиз яхши биламиз, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради.
Агар қонун ҳаётда ишламаса, унинг бир неча варақ оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, «коррупция ҳақида қонун қабул қилинди, энди ҳаммаси изига тушиб кетади», деб ўйлаш хотиржамликка берилиш катта хато бўлади.
Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошланади. Шифокордан яхшироқ маслаҳат олиш, навбатни тезлаштириш, рейтинг дафтарчасига тузукроқ баҳо қўйдириш ва шу каби вазиятларда ўзимизни муносиб тутишимиз лозим бўлади.

Тўғри, ҳаётда турли ҳолатлар ва ҳаракатларга дуч келамиз. Баъзида кўз ўнгимизда қонунлар бузилади, инсон ҳуқуқи, қадр-қиммати поймол этилади. Бундай вазиятларда чорасизликдан одамнинг боши гангиб қолади. Лекин, унутмайлик, халқимизда “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзалдир” деган нақл мавжуд. Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабатда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиздир. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.

ШОҲРУХ МИРЗААХМЕДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судининг раиси

loading...