Мирзиёев 8 декабрь муносабати билан ўзбек халқига байрам табриги йўллади

0

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан ўзбек халқига табрик йўллади.

«Қадрли ватандошлар! Аввало, сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман»,-дейди у нутқи аввалида.

Президент сўзини давом эттираркан, бутун дунё қатори Ўзбекистонда ҳам давом этаётган коронавирус пандемияси сабабли бу йил ҳам Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказишнинг имкони бўлмаяётганини айтади.

«Лекин бу байрам қалбларимизга қувонч ва шукуҳ бағишлаб, оилаларимизда, меҳнат жамоалари, таълим масканлари, маҳаллаларда шоду хуррамлик билан нишонланмоқда»,-дея алоҳида қайд этади Мирзиёев.

«Муҳтарам дўстлар!

Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Айнан Конституциямизга таяниб, биз бундан беш йил олдин мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни бошладик. Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

Биз Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишларни амалга оширдик, катта билим ва тажриба тўпладик.

Аввало, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш фаолиятимиз мезони этиб белгиланди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди.

Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.

Муҳим қарор ва қонунлар лойиҳаларини, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида бугун фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоат назорати янги босқичга кўтарилмоқда.

Юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда.

Айниқса, давлат томонидан Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чет элларда ҳам таъминлаш бўйича бошлаган ишларимиз хорижда яшаётган юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган меҳри ва ишончини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундай натижаларга эришишда Конституция ва қонунларимиз талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги муаммолар, мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупцияга қарши кураш масалалари кенг жамоатчилигимиз иштирокида ҳал этилаётгани муҳим роль ўйнамоқда»,-дея таъкидлаб ўтади давлат раҳбари.

«Азиз ва қадрли ватандошлар!

«Мана шу улуғ айёмда халқимизнинг дилидаги бир фикрни яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар энди ҳеч қачон ортга қайтмайди.

Янги Ўзбекистон ғояси эл-юртимизнинг улкан интилиш ва иродаси билан умумхалқ ҳаракатига айланмоқда. Барчамиз ана шу улуғ мақсад йўлида янада жипслашиб, ғайрат-шижоат ва масъулият билан фидокорона меҳнат қилсак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта етамиз.

Ишончим комил, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят қийин ва мураккаб, оғир синовли йилларда Янги Ўзбекистонни бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар миннатдорлик билан эслайди»,-дейди Шавкат Миромонович барчага ана шундай буюк бахт ва шараф ёр бўлишини тилаб.

«Жонажон Ўзбекистонимиз доимо гуллаб-яшнасин!

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин»,-дейди Президент сўзига якун ясаб.

loading...