Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан 182 маҳбусни афв этди

0

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги арафасида маҳбусларнинг бир гуруҳини афв этиш тўғрисидаги фармонини имзолади.

«Халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва олижаноблик тамойилларига амал қилган ҳолда, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан афв институти мунтазам қўлланмоқда. Шу борадаги ишларимизнинг давоми сифатида Конституция куни арафасида яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра, шу тоифага мансуб 182 нафар шахс муддатидан олдин озод қилиниб, эркин ҳаётга қайтарилмоқда», дейилади президентнинг Ўзбекистон халқига йўллаган табригида.

Шунингдек, бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилгани, 859 нафар шахс оқлангани маълум қилинган.

«Буларнинг барчаси суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир», дейди давлат раҳбари.

Ҳозирги кунда колониялардаги маҳкумларнинг қарийб 80 фоизи меҳнатга жалб этилган бўлса-да, уларнинг ишлаган йиллари умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмайди ва пенсия тайинлашда инобатга олинмайди.

«Ижтимоий адолат тамойилига тўғри келмайдиган бундай чекловнинг бекор қилиниши маҳкумлар томонидан молиявий муҳтожлик туфайли такроран жиноят содир этишнинг олдини олишга хизмат қилган бўлур эди. Шунингдек, жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш учун “дастлабки ёрдам пакети” тизими жорий этилади. Хусусан, ўзининг аниқ тадбиркорлик лойиҳасини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган собиқ маҳкумларга Пробация хизматини ривожлантириш жамғармасидан 10 миллион сўмгача бир марталик моддий ёрдам берилади», дейилади табрикда.

loading...