Москва метросидаги ўзбекча ва тожикча ёзувларга эътироз билдирилди

0

Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши (ИҲК) раҳбари Валерий Фадеев Москва ҳокими Сергей Собяниндан метронинг бир қанча бекатларида пайдо бўлган ўзбек ва тожик тилларидаги ёзувларни текширишни сўради. Унинг айтишича, бу масалада фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган.

Фадеевнинг сўзларига кўра, унга Сахаровода ягона миграция маркази ташкил этилгандан кейин миграция оқимининг кучайиши”бўйича “оммавий шикоятлар” келиб тушмоқда. Маҳаллий аҳоли автобуслар миграция марказига борадиган “Прокшино” метро бекатидаги ёзувлардан норози. Ёзувлар рус, ўзбек ва тожик тилларида битилган.

Валерий Фадеевнинг таъкидлашича, бу ҳолат давлат тили ҳақидаги қонунга зиддир. “Биз мигрантларни жамият ва маҳаллий маданиятга интеграция қилиш сиёсати ўрнига рус тилини билмайдиган ва ўрганмайдиганларнинг қулай яшаши учун барча шароитларни яратмоқдамиз”, – деди у.

“Прокшино” ва “Лесопарковая” метро бекатларида ўзбек ва тожик тилларидаги лавҳалар 2021 йил сентябрь ойида пайдо бўлган. Москва ҳокимлиги матбуот хизмати бу лавҳалар миграция марказига кетаётган муҳожирларга қулайлик яратиш мақсадида ўрнатилганини маълум қилган.

president-sovet.ru