Ғор қиссаси

0

Қиссамиз бир ғайри табиий ғордан бошланади. Бу ерда болаликдан буён қуёш юзини кўрмаган бир неча киши яшарди. Улар ғор деворига қарама-қарши ҳолда занжирбанд этиб қўйилган ва занжирлар уларни ана шу девордан бошқа томонга қарашга йўл қўймасди. Ғордаги ягона ёруғлик эса маҳкумларнинг орқа томонида ёниб турувчи гулхандан тушиб турарди. Гулхан ва маҳкумлар орасида бир йўлак бўлиб, у йўлакдан одамлар ҳар хил буюмлар олиб ўтишар ва бу буюмларнинг сояси маҳбуслар қаршисидаги деворга тушарди. Аммо болаликдан ғорга занжирланган ушбу маҳбуслар девордаги шаклларни соя деб эмас, балки буюмларнинг асл кўриниши деб биларди. Маҳбуслар девордаги шакллар ҳақида узундан-узун баҳслар юритишар ва уларнинг табиати ҳақида ҳар хил тахмин ва мулоҳазалар билдиришарди.

Ана шундай кунларнинг бирида маҳбуслардан бири тасодифан озод этилиб, беихтиёр ғордан ташқарига қараб йўл олади. Маҳбус ғордан чиқар экан, чарақлаб турган қуёш унинг кўзларини ожиз қилаёзди. Аммо бир оз вақт ўтгач, кўзлари аста-секин ёруғликка мостлашиб, теварак-атрофга назар сола бошлайди. Айни пайтда у умрида биринчи маротаба жонзотлар ва ўсимликларнинг соясини эмас, асл шаклини кўраётган эди. Гулларнинг жозибаси, қушларнинг ранги ва дарахтларнинг кўркамлиги уни ҳайратга солади. Илгари сояларни мавжудот деб билган маҳбус энди асл табиат қандай эканлигини ҳис этишга муваффақ бўлганди.

Ҳақиқий дунёни “кашф” этган маҳбус ғорга қайтиб, девордаги шакллар шунчаки соя эканлигини ва реал ҳаёт ғордан ташқарида эканлигини бошқа маҳбусларга айтишга ошиқади. Аммо ғорга қайтаркан, у ердаги қоронғулик туфайли ердаги тошларга қоқилди. Унинг ёруғликка кўниккан кўзлари энди ғорнинг зулматига мослаша олмасди. Бунга гувоҳ бўлган ғордаги бошқа маҳбуслар унинг устидан кула бошлашди. Ёруғликда бўлган маҳбус у ердаги ҳайвон, ўсимликлар, ва улкан ёруғлик манбаи ҳақида тўлиб-тошиб гапирар ва ғор деворида кўринувчиларни ҳақиқий нарсаларнинг сояси эканлигини уларга тушунтиришга уринарди. Аммо маҳбуслар уни тушунмади – уларнинг фиркрича, у ғордан ташқарига чиқиб, ақлдан озиб қолганди. Бошида унинг гаплари аҳмоқона туюлган бўлса, энди уларнинг жаҳлини чиқара бошлади. Ва, ниҳоят, у маҳбусларни озод этиб, ғордан ташқарига чиқаришга уринганида, маҳбуслар унинг жонига қасд қилади.

 Афлотун “Республика” асаридан