Оилавий зўравонлик қурбони бўлган келин

0

Оилавий зўравонлик – ўз кўламига кўра глобал муаммо. У турмуш даражасидан қатъи назар, дунёнинг барча мамлакатларида кузатилади.
Одатда, маиший зўравонликка кўпинча бир оила муаммоси сифатида қаралган. Халқимиз бундай муаммоларни уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилишади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қурбони хотин-қизлар бўлади.
Ўзбекистон Респбликаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари ва ғоялари асосида Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 561-сонли Қонуни қабул қилиниши бугунги кунда хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳар бир хотин-қиз зўравонликсиз ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли. Унинг бу ҳуқуқларини паймол қилиш, тазйиқ ўтказиш қонун билан ҳимояланган.
Лекин, шундай бўлса-да, оиладаги зўравонликлар сабабли аёллар жабр кўриб қолмоқда.

Зарбдор тумани, Навоий маҳалласида яшовчи Марям (исмлар ўзгартирилган) 2018 йилда яхши ниятлар билан катта ўғли Қобилга Насибани келин қилиб олади, бошида ҳаммаси яхши эди, лекин кейинчалик Марям ўғлини келини Насибадан қизғаниб, доимий равишда жанжал чиқаради. Ушбу жанжаллар туфайли Марямнинг оиласи “Низоли, ўзаро келишмовчилиги мавжуд оилалар” тоифасига киритилиб, маҳалланинг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси аъзолари томонидан оилавий жанжал сабабларини ўрганилиб, уларга оила қадриятларини тушунтирилиб, маҳаллада назоратга олиниб, мунтазам профилактик суҳбатлар ўтказилиб турилган бўлсада, Марям ўзгаришни истамади, натижада ушбу жанжалларнинг якуни жуда аянчли якун топди.
2021 йил август ойининг бошида содир бўлган қайнона ва келин ўртасидаги жанжал сабаб, келини Насиба ўз отаси уйига кетиб қолади, Қобил ва Насибанинг ўзаро бирга тинч яшаш ҳақидаги орзулари сабаб, Насибанинг яна қайнонасининг уйига қайтишига туртки бўлади.
2021 йил 8 август куни Насиба қайнонасининг уйига қайтиб келади, Насибани дарвозаси олдида кутиб олган Марям келини Насибани ҳар хил ҳақоратомуз сўзлар билан қарши олади.
Қайнона ва келин ўртасида яна жанжал келиб чиқади, Марям ҳовлида туриб, дод солиб, қўшниларни ёрдамга чақиради, қўшни ҳовлида яшовчи Марямнинг кичик ўғли Собир онасининг овозини эшитиб, онасининг ҳовлисига кириб келади ва онаси билан келинойисини ажратиб, онасини ҳовлидан чиқариб юборади, ушбу жанжаллардан безор бўлган Собир ошхонага кириб, ошхона пичоғини олиб, келинойиси Насибага ташланиб, пичоқ билан кўплаб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлар етказади. Натижада Насиба шифохонага етиб бормасдан бу дунёни тарк этади.
Ушбу иш жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, Собир Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “ж” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Марям келини Насибани тушунмаганлиги, калта ўйлаганлиги сабабли, жондек ўғли Собир узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди, гулдек келини Насиба бу дунёни эрта тарк этди. Марям қилган хатоларини тушуниб етди, лекин жуда кеч.
Жиноятга жазо муқаррар. Аммо оиладаги ушбу жанжалларнинг олдини олса бўлар эди-ку? Фарзандларда нима айб? Уларнинг эртаси энди нима бўлади? Шу каби саволлар бизни ўйлантиради, мушоҳада қилишга чорлайди. Зеро, ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди…

Шоҳрух МИРЗААХМЕДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди раиси