Россия ва Хитой 2027 йилда Ойда база қуришни бошлайди

0

Хитой Халқ Республикаси ҳукумати вакиллари мамлакатнинг Ойда база қуриш борасидаги режалари ўзгарганини маълум қилди. Хитой бу борада Россия билан кучларни бирлаштирганча АҚШдан ўзиб кетмоқчи. Россия ва Хитойга тегишли бўлган Ой базасининг қурилиш ишлари 2027 йилда бошланади.

АҚШ Россия ҳамда Хитойни Ойдаги ресурсларни қазиб олиш соҳасидаги ҳамкорлар рўйхатидан чиқариб ташлаган эди. Юзага келган вазият туфайли Россия ва Хитой биргаликда ҳаракат қилиб, бу борада АҚШни ортда қолдириб кетишни режалаштиряптилар.

Хитой миллий космик бошқармаси вакилларининг айтишларича, Пекин 2035 йилга режалаштирилган «Чане-8» миссиясини муддатидан аввалроқ амалга оширади. Тадқиқот станцияси Ойга 2027 йилда етказилади.

Маълумот учун, «Чане-8» Ой шароитида доимий база яратиш учун керакли технологияларни синовдан ўтказиш лойиҳасидир. Лойиҳа доирасида Ойдаги хомашёлардан фойдаланганча уч ўлчовли чоп этиш технологиясини амалда қўллаш ҳам режалаштирилган.