АҚШ Россиянинг НАТО бўйича талабларини рад этди

0

АҚШ Украина чегаралари яқинида қўшин ва ҳарбий техника жойлаштирилиши бўйича Москва билан кейинги музокаралар учун очиқ, агар Россия ҳам бунга рози бўлса. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Венди Шерман 10 январь, душанба куни Женевада Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг журналистларга маълум қилди.

Шерманнинг сўзларига кўра, бу масалалар, масалан, чоршанба куни Брюсселда бўлиб ўтадиган НАТО – Россия кенгаши йиғилишида муҳокама этилиши мумкин. Шу билан бирга, АҚШ вакили Россиянинг НАТОни кенгайтирмаслик кафолати ҳақидаги талабларини яна бир бор рад этди.

«Биз ҳар доим альянс учун марказий масала бўлиб келган НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатига ҳеч киминг қарши чиқишига йўл қўймаймиз, – деди у. – Биз АҚШ билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган суверен давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликдан воз кечмаймиз ва Украинасиз Украина, Европасиз Европа, НАТОсиз НАТО бўйича қарорлар қабул қилмаймиз».

Шунингдек, Шерман Россиянинг Украинага ҳужуми Москва учун жиддий оқибатларга олиб келишини ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

ТАСС