Беларусь мухолифатчиси Мария Колесникова колонияга жўнатилди

0

Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси Мария Колесникова колонияга ўтказилди. Бу ҳақда Беларусдаги рўйхатдан ўтмаган «Весна» инсон ҳуқуқлари марказига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Сиёсий маҳбус Мария Колесникова Гомелдаги 4-сонли аёллар ахлоқ тузатиш колониясига ўтказилди», — дейилади инсон ҳуқуқлари марказининг Telegram каналида.

10 январь куни Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши президиуми аъзоси Максим Знак тергов изоляторидан Витебск вилоятидаги колонияга ўтказилаётгани хабар қилинган.

Мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзолари бўлган Колесникова ва Знак мос равишда 11 ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Колесникова 2020 йил 8 сентябрда Беларусь-Украина чегарасида қўлга олинган. Беларусь чегара қўмитаси маълумотларига кўра, у Мувофиқлаштирувчи кенгаши вакиллари Иван Кравцов ва Антон Родненков билан биргаликда чегарани бузиб ўтмоқчи бўлган пайтда уни автомобиль салонидан чиқариб юборишган. Кейинроқ Киевдаги матбуот анжуманида Кравцов ва Родненков Колесникова мажбурий депортация пайтида паспортини йиртиб ташлаб, машинадан тушиб қолганини айтган.

Колесникова ва Знак давлат хавфсизлигига зарар етказишга қаратилган ҳаракатларга оммавий чақириш, давлат ҳокимиятини конституциявий тарзда эгаллаб олиш учун фитна уюштириш, шунингдек, экстремистик гуруҳлар яратиш ва уни бошқаришда айбланмоқда.

Мухолифатни мувофиқлаштириш кенгаш 2020 йил 18 августда Беларусь президентлигига номзод Светлана Тихановскаянинг тарафдорлари томонидан ҳокимият транзити учун тузилган. Беларусь раҳбарияти кенгашнинг фаолияти конституцияга зид экани ва ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга қаратилганини билдирган.

Беларусда 2020 йилги президентлик сайловининг Мустақил сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган натижаларига кўра, сайловчиларнинг 80 фоизи Александр Лукашенкога, 10 фоизи эса унинг асосий рақиби Тихановскаяга овоз берган. Натижалар эълон қилинганидан сўнг олти ойдан ортиқ вақт давомида мамлакатда оммавий норозилик намойишлари ўтказилди. Намойишчилар Лукашенконинг истеъфосини, сиёсий маҳбусларни озод қилишни ва янги сайловлар ўтказишни талаб қилди.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here