“Қанча шонинг бўлса Ватанни кўтар!” танлови ғолиблари тақдирланди

0

Ватан ҳақида айтилган ҳар қандай сўз шарафли мақомга эга. Дунё яралибдики, ҳеч бир ижод аҳли бу муқаддас каломни тўла-тўкис куйлай олмаган. Чунки Ватан бор-будингни иккиланмай бахш этса бўладиган борлиқдир.

Хабарингиз бор, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанпарварлик сифатларини ошириш, Ватан тақдири ва унинг мустақиллиги учун масъулият ҳисси, фуқаролик позитсиясини кучайтириш, миллий армиямиздан ғурурланиш туйғуларини камол топтириш мақсадида Мудофаа вазирлигининг “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти томонидан “Қанча шонинг бўлса Ватанни кўтар!” номли шоир ва ҳаваскор ёшлар ўртасида танлов эълон қилинган эди.

2021 йилнинг 11 октябридан 15 декабригача 70 нафардан ортиқ ижодкорлардан жами 250 дан ортиқ ижодий ишлари таҳририятга келиб тушди ва улардан 47 нафар иштирокчининг 70 га яқин шеърлари “Ватанпарвар” газетаси саҳифаларида эълон қилинди.

Қуролли Кучлар давлат музейида танловда ижод намуналари энг яхши, деб топилган бир гуруҳ ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти масъуллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид ҳамда кўплаб шоир ва ёзувчилар иштирок этди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

– Ватанни мадҳ этиш улуғ иш бўлса, уни қўриқлаш, муҳофаза этиш ундан-да буюкроқ қаҳрамонликдир, – дейди шоир Ғайрат Мажид. – Аслида Ўзбекистоннинг ҳар бир қарич ери учун жон фидо қилишга тайёр ўғлонларимиз фидойилигини қанча куйласак, шунча кам. Ушбу танлов ана шундай ватанпарварлик намуналарини бир жойга жам қила олгани билан ҳам қимматлидир.

Тадбирнинг асосий қисмида ғолиб ва совриндорлар диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди. Якуний натижаларга кўра:

1-ўрин – Шодмонқул Салом (базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 (ўн икки) баробари миқдорида пул мукофоти ҳамда 1-даражали диплом);

2-ўрин – Замира (Рўзиева) Хўжамбердиева (базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баробари миқдорида пул мукофоти ҳамда 2-даражали диплом);

2-ўрин – Дадахон Муҳаммадиев (базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баробари миқдорида пул мукофоти ҳамда 2-даражали диплом);

3-ўрин – Зикрилла Неъмат (базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 (саккиз) баробари миқдорида пул мукофоти ҳамда 3-даражали диплом);

3-ўрин – Шаҳриёр Шавкат (базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 (саккиз) баробари миқдорида пул мукофоти ҳамда 3-даражали диплом);

3-ўрин – капитан Зуҳриддин Алижонов (базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 (саккиз) баробари миқдорида пул мукофоти ҳамда 3-даражали диплом);

Рағбатлантирувчи мукофотга капитан Алижон Қамбаров, кичик сержант Дилнозахон Сулаймонова, Икромжон Аслий-Андижоний, Барнохон Ражабова, Дилноза Давронова, Нигина Зокирова лойиқ топилиб, улар ташаккурнома ва “Ватанпарвар” кутубхонаси сериясидаги китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

“Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти бундай кейин ҳам ижодий танловларни йил бўйи ўтказишни режалаштирган ва бу билан кўплаб шоир ва ёзувчиларни юзага чиқаришни мақсад қилган. Биз келгусида ҳам “Ватанпарвар” газетаси ижод аҳли ва ёш қаламкашлар учун ижодий майдони  бўлиб қолишига ишонамиз.