Янги Бош вазир вазифасини бошлади! Янги ҳукумат мамлакатни инқироздан олиб чиқиши керак — Қозоғистон бош вазири

0

Қозоғистон ҳукуматининг асосий вазифаси мамлакатни инқироздан олиб чиқишдир. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси янги таркибининг биринчи мажлисида бош вазир этиб тайинланган Алихон Смоилов маълум қилди.
«Биз бутун мамлакат учун оғир паллада давлат раҳбарининг юксак ишончини оқлашимиз керак. Янги ҳукумат президент томонидан аҳоли турмуш сифатини ошириш, иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга қаратилган вазифаларни бажариш учун бор куч-ғайратини сафарбар этиши керак. Бизнинг асосий вазифамиз пандемияга қарши туриш ва катта зарарни қоплаш, мамлакатни кенг кўламли инқироздан олиб чиқиш «, – деди Бош вазир. Смоиловнинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда бошқа ҳеч бир ҳукумат бундай мураккаб вазифаларни ҳал қилишга мажбур бўлмаган.

Бош вазир зудлик билан ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясини ошириш, қурол-яроғ муомаласи ва диний экстремизм тарқалиши устидан назоратни кучайтириш масалаларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Мудофаа вазирлиги олдига қуролли кучлар ва разведка тизимини ислоҳ қилиш, армиянинг мудофаа қобилиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Миллий иқтисодиёт вазирлиги эса яқин кунларда ҳукуматнинг жорий йил учун ҳаракат дастури лойиҳасини тақдим этиши керак. “Дастурда кўзда тутилган чора-тадбирлар жорий йилда амалга оширилиши ва юқори савияда ишлаб чиқилиши керак”, — деди Смоилов.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Қозоғистонда автомобилларга бензин нархи ошишига қарши норозилик намойишлари бошланган, кейин эса тартибсизликларга айланган, давлат идоралари биноларига ҳужум уюштирилган эди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади.

5 январь куни президент Қосим-Жомарт Токаев ҳукуматни истеъфога чиқарди, 11 январда эса Вазирлар Маҳкамасининг янги таркибини тасдиқлади. Ўн нафар вазир ўз ўринларини сақлаб қолди, жумладан, ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари: мудофаа вазири Мурат Бектанов, фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Илйин ва ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here