Чирчиқ гарнизонидан ФОТОРЕПОРТАЖ ва ҳарбийлардан байрамона совға!

0

Бугун, 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан, Мудофаа вазирлиги Тошкент ҳарбий округига қарашли Чирчиқ гарнизонидаги десантчилар ҳарбий қисми ва қатор ҳарбий обьетларда журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилди.

Эрта тонгдан автобуслар билан Чирчиқ шаҳрига отланган бир гуруҳ журналист ва блогерларни ҳарбий қисм ва тадбир ташкилотчилар ўзгача кайфиятда кутиб олишди.

Тур давомида ОАВ вакилларига бугунги кунда миллий армиямиз ихтиёрида бўлган замонавий ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳа ва анжомлар намойиш қилинди.

Шунингдек, ҳарбий қисм ва объектлар яқиндан таништирилиб, уларнинг фаолияти бўйича зарур маълумотлар берилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги чиқишлари ва ҳарбий оркестр жамоаси иштирокидаги концерт дастурлари ҳам шулар жумласидан.

Журналистнинг иши маълумот олиш, расмга тушириш, видеога олиш ва суҳбатдошини саволларга кўмиб ташлаш-да, дея ўйлашингиз тўғри. Биз ҳам шу шиорга амалга қилган ҳолда «иш»га киришдик. Демак, Мудофаа вазирлиги Тошкент ҳарбий округига қарашли Чирчиқ гарнизонидаги десанчилар ҳарбий қисмидаги фотосаёҳатимизни бошладик.

Янгича кўриниш олган ушбу ҳарбий қисмлар, у ердаги шарт-шароитлар, пресс-тур муносабати билан уюштирилган намойишлар оммавий ахборот воситалари вакилларида катта таассурот уйғотди.

Тадбир якунида десантчилар ва артиллериячилардан олган ҳарбийча совғамиз кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди, албатта.