Фуқаро МИБ ходимини пичоқлаб қўйди

0

Андижон вилояти Асака туманида фуқаро МИБ ходимини ҳақорат қилиб, унга пичоқ билан жароҳат етказди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

МИБ Андижон вилоят бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг 2021 йил 21 октябрдаги ижро варақасига кўра, қарздор А.Ж. томонидан Асака тумани, Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган автошоҳбекатнинг йўловчилар учун мўлжалланган кутиш қисмида ўзбошимчалик билан қуриб олинган савдо дўкони қурилмаси ўзининг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилиши белгиланган.

Мазкур суд қарори ижроси бўйича бюронинг Асака туман бўлими давлат ижрочиси Х.Меҳмонов томонидан 20 ноябрь куни ижро иши юритиш учун қўзғатилиб, суд ҳужжати талабини бажариш ҳақида қарздор бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, қонуний талабларни бажармаган. 22 декабрь куни ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатларида А.Ж. иштирок этмагани сабабли бошқа кунга қолдирилган.

25 декабрь куни А.Ж.га нисбатан суд қарори ижросини ихтиёрий бажармаганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддаси (қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги)га асосан 540 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

2022 йилнинг 11 январида ноқонуний қурилмани бузиш учун ваколатли идоралар вакиллари иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг ўғли С.Ж. дўконда бўлган ошхона пичоғи билан тарафларни қўрқитиб, давлат ижрочиси Х.Меҳмоновга тан жароҳати етказган. Натижада мажбурий ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган.

Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича Асака туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.