500 минг сўмни деб, 5 йилга «кетди»

0

Қашқадарё вилояти Касби туманида тиббиёт ходими пора билан ушланди. Маълум бўлишича, Касби туман тиббиёт бирлашмасида ўринбосар бўлиб ишловчи Эркин Бозоров ўз навбатида 2017 йилдан буён 16 ёшгача бўлган болаларни ногирон деб топиш комиссияси раиси лавозимида ҳам фаолият юритган. Таъкидланишича, у туманда яшовчи аёлнинг 2019 йилда туғилган фарзандига нафақа белгилатиб беришни ваъда қилган ва ушбу хизмат учун 600 минг сўм сўраган. Шундан сўнг аёл ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган. 2021 йил 5 август куни Эркин Бозоров айтилган пулнинг 500 минггини аёлдан олаётганда ўз хизмат хонасида ушланган.

Ушбу иш юзасидан бўлиб ўтган судда Бозоров ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисмининг “в” банди билан айбдор деб топилган. Ҳукмга кўра мансабдор 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Унга шунингдек, 2 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо тайинланган.